ХАЙНАНДАГИ САККИЗ КУН
2026 йил 5 октябрь куни “Hamkorbank” тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ ҳамкасблар Тошкентдан Хитойнинг Санья аэропортига учдик. Хайнань оролига уюштирган саккиз кунлик саёҳат давомидаги таассуротларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Мусаффо ҳаво, озода кўчалар, яшилликка бурканган табиат ва маҳаллий аҳолининг самимийлиги ҳамда меҳмондўстлиги — ҳамма-ҳаммаси ажойиб. Хитой илғор тараққиёт мамлакатига айланганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Саёҳатимизнинг энг ёрқин лаҳзалари Янодаги туристик ҳудудга қилинган ташриф билан боғланди. Орхидеялар паркининг нафис гўзаллиги, тропик ўрмонлар ва баландликдаги шиша кўприк бизда катта ҳаяжон ва завқ уйғотди.
Сафаримизнинг яна бир муҳим қисми биз жойлашган меҳмонхона тасарруфидаги Хитой анъанавий тиббиёти марказида бўлиб ўтди. Текширув ўтказган шифокор ўзини тиббиётчилар сулоласининг олтинчи авлод вакили эканини айтди. Тананинг фаол нуқталарига таъсир кўрсатишга асосланган даволовчи массажнинг натижасини дарҳол сездик. Марказ мутахассисларининг айримлари рус тилида бемалол мулоқот қила оларкан. Бу керакли маълумотларни олишимизда жуда қўл келди.
Меҳмонхона ходимларининг хушмуомалалиги, хизмат кўрсатиш маданияти, шунингдек, маҳаллий аҳолининг қишлоқ хўжалигига йўналтирилган меҳнат фаолияти ҳам эътиборимизни тортди. Қаршимизда ҳар соҳада илғор, меҳнаткаш, ғайратли ҳамда мақсадли хитой халқи турар эди. Хайнань саёҳати биз учун нафақат ҳордиқ, балки янги маданият билан танишиш, табиат гўзаллигидан баҳра олиш ва саломатликка эътибор қаратиш имконияти бўлди.
Мана шундай унутилмас таассуротларни туҳфа қилган, ажойиб саёҳатни ташкил этишда ташаббус кўрсатган банкимиз асосчиси Икром Ибрагимовга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Бу инсон қадрини улуғлашга қаратилган юксак эътиборнинг ёрқин намунасидир. Зеро, юрт кўрган кишининг дунёқараши кенгаяди, фикрлари бойийди. Янги ғоялар ва интилишлар учун мотивацияси уйғонади.
Саёҳатни юқори савияда ташкил этишда ўз меҳнати ва вақтини аямаган Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раҳбариятига ҳам ташаккур айтаман.
Ишонаманки, эътибор ва ғамхўрликка йўғрилган бу тур ёдимизда бир умрга муҳрланиб қолади. Қадрдон ҳамкасблар билан биргаликда сафарга чиқиш, ҳордиқ олишнинг гашти ўзгача. Бундай сафарлар жамоадаги дўстона муносабатлар ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайди.
Мадина АБДУВОҲИДОВА,
“Hamkorbank” АТБ танлов ва адаптация бўлими етакчи мутахассиси

