ВЕНГЕР ТОВУFИДАН «ТИЛЛА ТУХУМ»
Ўқувчиларимиз орасида балиқчиликлар ҳам бор. Туманда бундан чиройли бино мавжудми-йўқми билмадим-у, лекин “Сортепа” маҳалласида савлат тўкиб турган тўрт қаватли ҳашаматли офис узоқданоқ диққатни тортади. Кириш йўлагига ўрнатилган «Тилла товуқ» монументи ва ичкаридаги манзаралардан компаниянинг қудратини англаш қийин эмас.
“Sokin savdo servis” МЧЖ номи остида фаолият юритаётган ушбу корхона паррандачилик бизнесини бошқариш билан шуғулланади.
Биламизки, тадбиркорлик одатда оддий савдо билан бошланади. Ва кўпчилик узоқ йиллар шу йўналиш билан чекланиб юраверади. Аммо балиқчилик Юнус Раҳимов бундай қилмади. 2010 йил икки нафар шериги билан товуқ гўшти сотувини йўлга қўйганда, орзу-ниятлари улкан эди. Аста-секин савдоси юриша бошлагач, гўштни ўзи етиштирса, даромад кўпайиши ва бизнеси катталашишини англади.
2020 йил тадбиркор паррандачалик соҳасига қадам ташлаб, товуқ фермасини ишга туширди. Ишчилар сони 50 нафарга етди, товуқлар 25 мингта бўлди. Барака кириб, бир йил ичида паррандалар сони 200 мингдан ошди. 2026 йилга келиб эса товуқлар 1,5 миллион бошга етказилди. 200 нафардан ортиқ фуқаро иш билан таъминланди.
Рақамлар шунчаки ўсгани йўқ.Унинг ортида катта меҳнат ётибди. Чунки савдода фақат маҳсулотни сотишга эътибор қаратилса, ишлаб чиқаришда ҳар бир босқични алоҳида ташкил қилиш, харажатларни ҳисоблаш, озуқа таъминоти, парвариш ва меҳнатни мувофиқлаштириш талаб этилади. МЧЖ олдида турган муҳим вазифалардан бири мазкур жараёнларни ягона тизимга бирлаштириш эди. Шу мақсадни кўзлаган корхона Венгриянинг “Аviagen” компанияси билан ҳамкорликда “Она товуқ” лойиҳасини ишлаб чиқди. Яъни тухум етиштиришдан тайёр гўшт ҳолатига келтиришгача бўлган жараённи қамраб олувчи инновацион кластер тизими шакллантириладиган бўлди. Ҳозирда Венгриядан келтирилган 250 мингта наслли она товуқ боқилмоқда. МЧЖга қарашли 7 та товуқ фермаси, дон етиштириш хўжаликлари ва озуқа ишлаб чиқариш цехлари фаолиятда. Қўшимча ишчилар қабул қилинмоқда.
Муҳими, паррандалар қўлда сўйилади. Сўнгра махсус ускуналар ёрдамида тозаланиб, қадоқлаш цехига жўнатилади. Ана шу тарзда ички бозорга тоза, сифатли, ҳалол маҳсулот етказиб берилади. Қулай томони, маҳсулот савдоси дилерларсиз, тўғридан-тўғри корхона офисининг ўзида амалга оширилади. Бу маҳсулот таннархининг арзонлашишига ҳам хизмат қилади. Рамзий маънода айтганда, корхона товуқлари «тилла тухум» қўйишни бошлади.
2026 йил 23 сентябрь куни Президентимизнинг Андижон вилоятига ташрифи давомида “Sokin savdo servis” фаолияти билан танишгани ҳам паррандачилик кластери катта йўлда эканлигини кўрсатади.
“Энг яхшилар энг зўрлар учун” деган фикримизнинг яна бир исботи сифатида айта оламизки, “Sokin savdo servis” МЧЖ “Hamkorbank” АТБ Чинобод УБХОнинг ВИП мижози. Улар бизнесда бир-бирига мос, мустаҳкам ҳамкор. Корхонанинг ҳисоб-рақамини юритишдан кредитлашгача бўлган банк хизматларини УБХО амалга оширмоқда. Айни вақтда йиллик айланмаси 200 миллиард сўмдан ортиқ бўлган паррандачилик кластери банкка катта даромад келтирмоқда.
Нигора Миролим қизи

