ИСЛОҲОТЛАР, БУНЁДКОРЛИК ВА ЮКСАЛАЁТГАН ЁШЛАР МАҲАЛЛАСИ

Халқимизда «Обод маҳалла – обод Ватан» деган ҳикмат бор. Дарҳақиқат, юрт тараққиётини тасаввур этиш учун, аввало, маҳаллалар ҳаётига назар ташлаш ўринли. Бугун Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ва ёшларнинг ютуқлари бу фикрнинг ҳаётий ифодасидир.

МАҲАЛЛА ТАРАҚҚИЁТИ – ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ
Маҳаллада бугун 2 минг 565 нафар аҳоли, 719 та оила истиқомат қилади. Уларнинг ҳаётида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Аҳоли томорқалар ва иссиқхоналардан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда бозорда сотиш орқали оилавий даромадларини ошириб келмоқда.
Бироқ бугунги маҳалла ҳаётини фақат деҳқончилик ёки иссиқхоначилик билан изоҳлаб бўлмайди. Зеро, замонавий маҳалла бу аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиладиган, тадбиркорлик қўллаб-қувватланадиган, ёшлар билим ва касб-ҳунар эгаллайдиган, ижтимоий муаммоларга ечим изланадиган яхлит тизимдир.
Президентимизнинг 2026 йил 16 февралдаги Фармони билан тасдиқланган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида маҳаллаларда иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.

ЙЎЛЛАР РАВОН, ХОНАДОНЛАР ОБОД
Маҳалладаги сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, инфратузилмани яхшилаш борасида амалга оширилган ишларни таъкидлаш лозим.

  • Анжирзор, Шодлик, Самовий ва Тегирмонбоши номли тўртта ички кўчаларимиз мавжуд. Жаҳон банки лойиҳаси доирасида Анжирзор кўчасининг 1,9 километри ва Самовий кўчасининг 3,4 километрида асфальтлаш ишлари бажарилди. Натижада ички йўлларнинг 5,3 километрида йўл инфратузилмаси яхшиланди – дейди, МФЙ раиси Зувайдахон Тоирова.
    Маҳаллада электр таъминотини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 145 та бетон таянч ўрнатилиб, 5,5 километр замонавий ўзини ўзи кўтарувчи изоляцияланган (СИП) кабель тармоғи тортилди. Бу ишлар электр энергиясини етказиб бериш инфратузилмасини янгилашга қаратилган.
    Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва иссиқхоначилик ривожланган ҳудудларда электр таъминотининг барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки ишлаб чиқариш жараёнлари, сув насослари ва бошқа ускуналарнинг самарали ишлаши кўп жиҳатдан энергия таъминотига боғлиқ.
    Маҳалладаги яна бир муҳим ўзгариш аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида амалга оширилган ишлардир. Бугун Дўнгқишлоқнинг барча аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган, хонадонларга сув ҳисоблагичлари ўрнатилган.
    Инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар доирасида маҳалла ҳудудидаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилиб, таълим муассасаси замонавий таъмирдан чиқарилди.

ДАРОМАДЛИ МЕҲНАТ – ФАРОВОН ҲАЁТ АСОСИ
Маҳалланинг иқтисодий тараққиётини таъминлашда аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва оилавий даромад манбаларини кўпайтириш алоҳида ўрин тутади. МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Бахтиёжон Раҳимовга кўра, 2026 йил бошидан буён тадбиркорлик қилиш истагидаги аҳоли вакилларига жами 800 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Бу маблағлар орқали аҳолининг даромадини ошириш ва мустақил даромад манбаларини шакллантиришга кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳам тарғибот ишлари олиб бориляпти. Жорий йилнинг ўзида 20 нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди.

ЁШЛАРГА ЯРАТИЛГАН ИМКОНИЯТ – КЕЛАЖАККА КИРИТИЛГАН САРМОЯ
Дўнгқишлоқда 14–30 ёшли 655 нафар йигит-қиз истиқомат қилади. Бу маҳалла келажаги, унинг иқтисодий ва маънавий салоҳиятини белгилайдиган катта куч. Ёшларнинг сифатли таълим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, замонавий касбларни эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён қилиши учун шароит яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Ёшлар етакчиси Элмурод Акбаровнинг таъкидлашича, тил сертификатини қўлга киритаётган ёшлар сони ортиб, олий таълим муассасаларига киришда қўшимча имкониятларга эга бўлмоқда. Хорижий тилларни билиш ёшларга нафақат таълим олиш, балки халқаро ахборот манбаларидан фойдаланиш, замонавий билимларни ўзлаштириш ва келажакда муносиб касб эгаси бўлиш имконини беради. Шу боис тил ўрганишга бўлган қизиқишни рағбатлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг натижаларини оммалаштириш лозим.
Ахборот технологиялари соҳасига қизиқишни ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари туман марказидаги IT марказида бепул билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга. Бу каби ташаббуслар рақамли иқтисодиёт шароитида ёшларнинг янги имкониятлардан фойдаланиши учун замин яратади.

СПОРТЧИЛАР МАҲАЛЛАСИ БУ
Маҳалланинг яна бир эътиборга молик жиҳати спортга бўлган қизиқиш ва ёш спортчиларнинг эришган ютуқларидир. Дўнгқишлоқни спортчилар маҳалласи, деб аташ мумкин. Бу ерда стол тенниси ва белбоғли кураш спорт турлари ривожланган. Ёшларнинг республика ва халқаро мусобақалардаги натижалари уларнинг истеъдоди, меҳнати ва мунтазам машғулотлари самарасини кўрсатади.
Стол тенниси бўйича Давронава Малоҳатой, Тешабоев Қутбиддин, Холиқов Элмурод, Акбарова Гулнорахон, Зокиров Умиджон, Арслонова Дилоромхон ва Арслонова Одинахонлар бир неча бор Ўзбекистон ҳамда халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган.
Белбоғли кураш йўналишида Ёқубжонов Илёсбек, Билолиддинов Ҳумоюнмирзо, Билолиддинов Бобурмирзо ва Муҳаммадалиев Муҳаммадюсуф каби ёшлар ўз тенгдошлари орасида юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон чемпионлиги ва жаҳон чемпионлиги марраларни забт этган.
Бу ғалабалар фақат спортчиларнинг шахсий муваффақияти эмас. Улар ота-оналар, устоз-мураббийлар ва бутун маҳалла учун фахр манбаидир. Энг муҳими, бундай натижалар ёш авлодга мақсад сари интилиш, интизомли бўлиш ва қийинчиликлардан чекинмаслик намунасини кўрсатади.

«МАРД ЎҒЛОН»: МАҲАЛЛА УЧУН ТАРИХИЙ ЭЪТИРОФ
Маҳалла ҳаётида 2026 йилнинг 30 июни алоҳида аҳамиятга эга воқеа билан ёдда қолди. Шу куни маҳаллада истиқомат қилувчи, Андижон давлат техника институти докторанти Ойбек Тешабоев Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бу эътирофни фақат бир инсоннинг ютуғи сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Унинг замирида ёшларга яратилаётган имкониятлар, илм олишга интилиш, ўз устида ишлаш ва жамиятга наф келтиришга қаратилган мақсадлар мужассам.
Докторантнинг давлат мукофотига муносиб кўрилгани маҳалладаги бошқа ёшлар учун ибратли воқеадир. Бу каби натижалар ёшларга катта мақсадлар қўйиш, илм-фан билан шуғулланиш ва ўз қобилиятини юксак даражада намоён этиш мумкинлигини кўрсатади.

ЮКСАЛАЁТГАН ЖАМИЯТ ТИМСОЛИ
Бугун Дўнгқишлоқда амалга оширилаётган ишлар бир ҳақиқатни намоён этмоқда: тараққиёт фақат йирик лойиҳалар ёки катта шаҳарлардаги ўзгаришлар билан чекланмайди. У, энг аввало, ҳар бир хонадондаги фаровонлик, ҳар бир инсон учун яратилаётган имконият ва ҳар бир ёшнинг келажакка ишончида намоён бўлади.
Дўнгқишлоқнинг бугунги қиёфаси ва ёшларининг ютуқлари келажакка ишонч билан қарашга асос беради. Олдинда эса янги вазифалар, янги ташаббуслар ва юксак мақсадлар турибди.

Ойбону ТЎХТАСИНОВА