«УНУТИЛМАЙДИГАН САЁҲАТ БЎЛДИ»
— Банкимизда асосий омил — ходимлар ва уларнинг қимматли ҳаёти, соғлиги. Бежизга “яхши дам — меҳнатга ҳамдам” дейилмайди. Қачонки кайфият кўтаринки, тан сиҳат жойида бўлса, ишда унум ва самара сезилади, — деди биз билан суҳбатда “Hamkorbank” АТБ Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Шукрулло Неъматов.

“Hamkorbank”нинг ходимлар учун яратиб бераётган шароитлари ҳақида кўп гапириш шартмас. Кўпчилик тизимдаги сифатли ва унумли меҳнат муҳитидан яхши хабардор. Бу йил ҳам ходимлар саломатлигини ҳимоя қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича йиллик иш режа, маънавий-маърифий ишларнинг янги тизимини яратиш бўйича “Йўл харитаси”, “Ватан ичра саёҳат” ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилувчи “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” каби бир қатор лойиҳаларнинг ижросини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан филиалларга республикамизнинг турли кўнгилочар ва тарихий масканларига саёҳат уюштиришлари учун қулай шароитлар яратиб берилди. Илк саёҳатни Учтепа филиали жамоаси Тошкент вилоятида жойлашган “Амирсой” дам олиш масканида бўлиш билан бошлаб берган бўлса, шу кунгача 17 та филиал жамоаси бу имкониятдан фойдаланди. Йил охиригича қолган филиаллар ҳам навбатма-навбат ўзлари истаган масканга бориб ҳордиқ чиқариш, саёҳат завқидан татиб кўриш имконига эга бўлади.

Банк Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси томонидан кўнгилли саёҳатлар учун жами 106 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Яъни ҳар бир филиал учун ўртача 6,5 миллион сўм сарфланди. Саёҳат тадбирларида 787 нафар ходим иштирок этди.
Аҳмаджон Зайлобиддинов, Хўжабод филиали бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси:
— Аввало, мана шу саёҳатимизни қўллаб-қувватлаган банкимиз касаба уюшмасига раҳмат. Икки йилдан бери ходимларимиз Самарқандга бориш иштиёқида эди. Шукрки, орзуимиз амалга ошди. Икки кунлик саёҳат бизга жуда катта кайфият бағишлади. Маданий ҳордиқ чиқариш асносида юртимизнинг гўзал табиати ва тарихий гўшалари билан танишдик. Шундай элда яшашимиздан фахрланиб кетдик, ҳар биримизда ватанпарварлик туйғулари янада жўш урди.
Фарғонадаги “Тур минор” сайёҳлик фирмаси хизматидан фойдаландик. 5 март куни 29 нафар ходим Фарғонадан йўлга чиқдик. Қадимий ва бетакрор Самарқандни кезиб, тарихимиз, маданиятимиз билан танишдик.
Бу саёҳат нафақат ҳордиқ берди, балки, жамоани жисплаштирди. Иш унумимизга ҳам ижобий таъсир қилди. Насиб қилса, биринчи чорак якунидаги кўрсаткичларимиз «аъло», бўлади, балки, байроқни илиб ҳам кетармиз.
Яна битта гапни айтиб, мақтанмасак бўлмайди. Биринчи Президентимизнинг Самарқанд шаҳридаги ҳовлисига зиёрат учун кирганимизда, у кишининг яқинлари бизга шахсан Ислом Каримовнинг дасхати туширилган китобни туҳфа қилди. Моддий ва маънавий қиймати юқори бундай совғага эга бўлганимиздан фахрланиб кетдик.

Рустам Матёқубов, Хоразм минтақавий филиали бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси:
— Биз хоразмликларга кўпроқ тоғли, табиати сўлим, манзарали ҳудудларга бориш ёқади. Шу боис март ойининг бошида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Арчазор» дам олиш масканига боришни режа қилдик.
Борган кунимиз, худди бизни қувонтиришни истагандек, гупиллаб қор ёғиб берди. Тоза ҳаво, шинам меҳмонхона, бетакрор, виқорли табиат — барчаси кайфиятимизни кўтариб юборди. Тоғ ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олдик.
Айниқса, жамоамизда янги иш бошлаган ёшларнинг таассуротлари чексиз бўлди. Таниш-билишларига “Hamkorbank”да ишласа, мана шунақа саёҳатларга борилар экан”, деб мақтаниб чиқишибди. Банкимиздаги шароитларни эшитиб, бизга ҳатто Марказий банк ходимларининг ҳаваси келди. 30 кишилик саёҳат учун асосан касаба уюшмаси ва филиалимизнинг жамғарма маблағидан фойдаландик. Шахсий ҳамёнимиздан кўп пул сарфламадик.
Йил якунида катта куч билан ишлаб, анча ҳориган эдик. Бу саёҳат бизга қувват, кайфият берди. Кредитларимиз билан боғлиқ муаммоларимизни ечишга ҳам астойдил бел боғладик. Ҳозирда кўрсаткичларимиз қувонарли даражада.
Нигора МИРОЛИМ қизи