ТАҚДИРИМДАН ХУРСАНДМАН
1997 йилда “Андижонбанк”га стажёр бўлиб келганман ва икки йил давомида иш ўргандим. Аввалига оддий кассир, кейинчалик ҳисобчи-бухгалтер ва бошқа банк хизматларини бажаришда устозларим аҳоли билан ишлаш бўлими бошлиғи Ҳалима Ибрагимова ҳамда Мавлуда Абдулҳаевалардан соҳанинг сир-асрорларини ўргандим. “Мустақиллик” мини банкида ишладим, “Фурқат” банк хизматлар офисини бошқардим. Ҳозирда Избоскан туманида фаолият олиб боряпман. «Hamkorbank»да дўст орттирдим, маънавий бойликларга эга бўлдим. Айниқса, оиламнинг тўкислигини таъминлашда банкнинг ҳиссаси катта.
Банк ҳовлисида бассейн бўлиб, унинг ёнгинасида мўъжазгина ошхона бўларди. Тушликка чиққан ходимлар раҳбаримиз Икромжон ака чиқмагунларича таомга қўл урмасди. Бу у кишини қаттиқ ҳурмат қилишимиз ва суҳбатларини жон қулоғимиз билан тинглаш учун вақтни асраш эди. Негалигини биласизми? Дунё кезганлиги боис турли давлатлардаги банк тизими, шароитлари ва янгиликларидан сўзлаб берарди. Ана шу жараёнлар биз каби ёш ходимлар учун ҳақиқий сабоқ берган.
Мижозлар билан ишлаш, сифатли хизмат кўрсатиш, хоҳ ишда, хоҳ тўй-маъракаларда бўлсин, ҳамкасбларнинг бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишларида маънавият дарсларини ўтаган, десам ҳам бўлади. Ана шунинг ўзи ҳаётимда алоҳида ўрин тутади. Умрнинг чопағонлигини қарангки, шунча фурсат гўё бир зумда ўтиб кетибди. Демак, тақдиримда банкда ишлаш, яхши инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлиш ёзилган экан. Бундан бахтлиман.
Улуғбек ИШАНЧАЕВ,
Избоскан БХО кичик менежери.