ХАРАКТЕРИ ИШИДА НАМОЁН ЖАМОА
2010 йилда “Hamkorbank”нинг қадами олис қорақалпоқ диёрига ҳам етиб борди. Нукус шаҳрида етти кишилик жамоадан ташкил топган навбатдаги филиал ўз ишини бошлади. Орадан йиллар ўтди. Ишлар фақат олдинга илгарилади. Ҳозирги кунга келиб бу тармоқ 107 нафар ходимни ўз бағрига олган банк муассасасига айланди.
Кўрсаткичлар филиал фаолиятининг ойнасидир. Узоққа бормай, шу йилнинг биринчи чораги якунидаги рақамларга назар солайлик. Унда 306 миллиард сўм кредит портфели мавжудлигини кўрамиз. Шундан 111,5 миллиард сўми чакана йўналишга тааллуқли. Бу бўлимнинг ўзида 9070 та мижоз мавжуд. Жамоанинг ютуғи шундаки, у Қорақалпоғистон республикасидаги банклар орасида чакана бизнес ва ипотека йўналиши бўйича кредитлар ажратишда биринчи ўринда туради.
Мазкур муассасага ҳозирда Шаҳрихон филиалидан етишиб чиққан тажрибали банк ходими Зиётбек Қодиров раҳбарлик қилади. Унинг айтишича, олис ҳудудга бориб, у ердаги банк ривожига ҳисса қўшаётганлиги, қийинчиликларга “лаббай” деб жавоб бериши ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бундай садоқат ва сабр-тоқат ортида Сотволди Самиев, Зиёдулло Усмонов, Хуршидбек Қобилов, Отабек Яқуббеков, Мусоҳожи Асронов каби устозларидан ўрганган сабоқ ва ўгитлари ётибди. Унинг қорақалпоқ диёри ва у ерда “Hamkorbank” номини элга танитаётган инсонлар ҳақидаги фикрларига қулоқ тутдик.
14 та банк рақобатчи
Нукус шаҳрининг марказида 14 та банк жойлашган. Улар деярли бир-бирига қўшни. Шулардан бири “Hamkorbank”. Филиалга кунига 400-450 нафар мижоз ташриф буюради. Бунга сабаб ходимларнинг муомала маданияти ва хизмат кўрсатиш сифатининг юқорилиги. Валюта айрибошлаш, пластик карта очириш, омонат, микроқарз, автокредит, истеъмол ва ипотека кредитлари бугун аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган хизматлар ҳисобланади. Ҳар ой республика бўйича энг юқори, яъни 2 миллиард сўмга яқин ипотека кредитини ҳам айнан Нукус филиали беради.
Барчаси мақтовга сазовор
Бу жамоанинг ўзига хос жиҳати ходимларининг ўта меҳнаткаш ва ҳалоллигида. Битта Чакана бизнес бўлими ходимининг ўзи мингталаб кредит чиқаради.
Cарвар Сейитов, Айдўз Сапаров, Азамат Бердимуродов, Ислом Аметовлар чакана хизматлар бўйича, Баҳодир Хўжанов, Шоҳруҳ Давлатов, Периз Камаловалар юридик мижозларга хизмат кўрсатишда фаол. Банк хизматлари офисларини бошқараётган Кайсар Садакбаев, Абат Халилаев, Амангелди Айтжановларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этиш ўринли. Пластик карта менежери Райхан Ниязова, “Хўжайли” БХО универсал менежери Марал Ўразимбетоваларни ҳар доим қизғин иш жараёнида учратасиз. Касбига бўлган меҳри сабабли мижозларнинг барча инжиқликларини кўтаради.
Ходимларнинг ишга бўлган ёндошуви туфайли республикамиздаги энг йирик корхона, ташкилотлардан ҳисобланган Қорақалпоқ вино заводи, Халқаро аэропорт, “Евробитон” каби муассасалар “Hamkorbank” мижозига айланган.
Республика бўйлаб 6 та БХО
Бугун филиалга қарашли 6 та банк хизматлари офиси фаолият олиб боряпти.
Ҳамма туманларда ҳам банк шохобчаларини очиш имкони бўлмагани учун мамлакатнинг шимолий ҳудудига “Қўнғирот”, жанубига “Тўрткўл”, ғарбий қисмига “Амударё”, шарқий томонларга “Қорақум” ва “Эски шаҳар” банк хизматлари офиси хизматларини тақдим этяпти.
Айрим ҳудудлардаги аҳоли узоқ йўл босиб бўлса ҳам марказга, Нукус филиалига боради. Чинакам мижозга на вақт, на масофа тўсқинлик қилади. Ваҳоланки, Нукусга энг яқин туман 50 км. бўлса, энг узоғи 450 км.ни ташкил қилади.

Урф-одатларига ҳавас қилдим
Бу халқнинг урфлари роса ёқди. Масалан, битта одам тўй қилса, бутун маҳалла дастурхон тузаб, унинг меҳмонларини кузатади. Бунақа ажойиб тўйни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Энг зўр тўкин-сочин тўй қорақалпоқда бўлади.
“Худайқўноқ” деган одатига умуман қойил қолдим. Аҳоли яшайдиган битта овул билан иккинчисининг орасида анча масофа бор. Мабода манзилга етолмай, кеч қолсангиз, дуч келган эшикни тақиллатасиз. Уй эгаси дарҳол сизни ичкарига таклиф қилиб, тунаш учун жой беради. Бу юртда ҳеч ким кўчада қолмайди, ҳар битта хонадонда “Худойқўноқ” учун алоҳида хона тайёрлаб қўйилади. Меҳмоннинг кимлиги, қаердан келганлигини сўрашмайди, муҳими — мусофирнинг ноқулай шароитда қолмаслиги. Меҳмонга шу даражада илтифотли, меҳр-оқибатли бу халқ.
Мана шу ажойиб хислатларнинг барчаси иш жараёнига ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаган. Шунинг учун “Hamkorbank”нинг қорақалпоқлардек меҳнаткаш, содда, оқибатли, виждонли халқ яшайдиган юртдаги фаолияти омадли ва муваффақиятли кечмоқда.
Тўғриси, икки йилдан ортиқ фаолиятим давомида қорақалпоғистонликларнинг жуда кўп ўрнак олса арзийдиган хислатларига гувоҳ бўлдим. Нега бу филиалнинг кўрсаткичлари зўр, десам қорақалпоқ халқининг характери тан берадиган даражада экан. Бу ерда ишлаб маза қиляпман, об-ҳавосининг ноқулайлиги ҳам Нукусда қолишимга тўсқинлик қила олмаяпти. Ҳозирча, филиалдан кетиш ниятим йўқ, Банк бошқаруви ва жамоамнинг менга билдирган ишончини оқлашим зарур.
Н. ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.