Ҳамма нарса пул билан ўлчанмайди…

— Сиз туғилиб вояга етган Пайариқ тумани ва Қудуқча қишлоғи нега шундай номланган?
— Қадим ва ҳамиша навқирон Самарқандда ўз нуфузига эга Пайариқ тумани унинг ҳудудидан ўтган “Пай” ариғи номидан олинган. Қишлогимизда 180-190 та хўжалик мавжуд. Аҳоли кундалик эҳтиёж учун қудуқ сувидан фойдаланиб келади. Шу сабабли қишлоғимиз Қудуқча номи билан аталади.
— “Ипотека банк”да роппа-роса ўн йил турли нуфузли вазифаларда самарали ишлаган экансиз. Тўрт йил аввал, худди шу паллада “Hamkorbank”чилар сафига ўтибсиз. Сабаб?
— 2007 йилнинг апрель ойида “Ипотека банк”нинг Кўксарой филиалида иш фаолиятимни бошлаганман. Мижозларга сифатли ва тез хизмат кўрсатадиган мамлакатимизнинг йирик банк­лардан бири — “Hamkorbank” АТБдан кутилмаганда ишга таклиф қилиб қолишди. Мазкур банкнинг эришаётган ижобий ютуқларини кузатиб борардим ва шу боис бу ерда ишлашга бажонидил рози бўлдим.
— Агар банк тизимида ишламаганингизда, қайси соҳаларда бемалол фаолият юритган бўлардингиз?
— Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ҳаётда ўз ўрнимни топишга интилардим.
— Отангизнинг қайси жиҳатларини ўзингизда мужассам, деб ўйлайсиз?
— Тез ишонувчанлик ва бошқалар билан қисқа муддатда мулоқотга киришиш.
— Мактабни тамомлаганингизга ҳам чорак аср бўлибди. Синфдошларингиз билан кўришиб турасизми? Ўқиган мактабингизга охирги марта қачон боргансиз?
— Синфдошларим билан туғилган кунлар ёхуд бирон бир байрам баҳона тез-тез учрашиб турамиз. Ўқиган мактабимга охирги марта 2019 йилнинг март ойида — Наврўз байрами тадбирида иштирок этиш учун борганман. Ўқувчилик чоғларининг беғубор дамлари, устозлар меҳри қайтадан жонлангандай бўлганди ўшанда…
— Дарвоқе, мактабда қайси фан (фанлар) дан кўпроқ “5” олардингиз?
— Тарих, математикани ёқтирардим ва табиийки баҳоларим доимо аъло эди. Умуман олганда деярли барча фанлардан кўрсатгичим “5” бўлган. Ана шу “беш”ларим бугунги фаолиятимда мустаҳкам пойдевор бўлиб турганидан мамнунман.
— Билишимизча, қизларингиз Моҳинур ва Руҳшона қўшни туман — Оқдарёдаги 25-умумтаълим мактабида ўқишар экан. Пайариқдаги, аниқроғи қишлоғингиздаги мактаб талабга жавоб бермайдими?
— Қишлоғимиз шаҳар марказидан 75-80 км. узоқда жойлашганлиги ва ўзим оилам билан шаҳар марказига яқин бўлган Оқдарё туманида яшаганлигим сабабли фарзандларим маҳалламиздаги 25-умумтаълим мактабида ўқишмоқда.
— Ўғлингиз Беҳрузбекни келажакда ким (ёки қайси касбнинг эгаси) бўлишини истардингиз?
— Ўзимга ўхшаган иқтисодчи бўлишини хоҳлардим. Лекин келажакда қайси касбни танлашини ўзи ҳал қилса, янада яхши. Буни вақт кўрсатади.
— Спортнинг қайси турига қизиқасиз ва нима учун?
— Футбол ва от спорти (аниқроғи кўпкари). Ўйлашимча футбол кўпчилик учун севимли. Кўпкарига оилавий қизиқамиз. Уйимизда доим от боқилиб келинган. Шунданми от спортига иштиёқим бошқача.
— Қандай кишиларни ёқтирасиз ва аксинча ёқтирмайсиз?
— Рост сўзловчи кишиларни эъзозлайман. Мақтанчоқ кишиларни ёқтирмайман.
— Айримлар айтганидек, “ҳамма нарса пул билан ўлчанади”ми?
— Йўқ, бу гапга умуман қўшилмайман. Негаки, бундайларни фақат ўзини ўйлайдиган ва жамиятда ўрни йўқ кимсалар, деб биламан.

Суҳбатдошимиз:
1984 йилда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган. 2006 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик ва 2012 йилда Тошкент молия институтларини тамомлаган. Мутахассислиги – инвестицияларни молиялаштириш, иқтисодчи. 2007-2017 йилларда “Ипотека” АТИБда ишлаган. 2017 йилнинг май ойидан “Hamkorbank”АТБ тизимида фаолият олиб боряпти. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Суҳбатдош: Ҳалимжон ТОҲИРОВ