ШЕРАЛИ ЖЎРАЕВ ДЕНОВДА ҚОЛМОҚЧИ

1987 йилда деновлик Холмўмин ака хонадонида ўғил фарзанд дунёга келди. Ота ният қилганидек, фарзандига Шерали деб исм қўйди. Чунки у ўша пайтда элга машҳур ҳофиз Шерали Жўраев қўшиқларининг ихлосманди эди. Қарангки, азбаройи мухлислик иштиёқи туфайли фарзандига отаси эмас, Жўра бобосининг исмини фамилия қилиб берди.
Шерали отаси ҳавас қилган ҳофиздек қўшиқчи бўлмади. Ахборот технологиялари университетида таҳсил олиб, IT мутахассиси бўлиб етишди. Олти йилдан буён “Hamkorbank” АТБ Денов филиалида фаолият юритади. Мидл офис информацион технологиялар етакчи мутахассиси. Филиалдаги барча техник жиҳозларнинг соз ишлаши, операцияларни сифатли бажариши учун у жавобгар.
“Бу ерга келишдан аввал коллежда ишлаганман. У ерда битта жамоа иккита гуруҳга бўлинганди. Филиалимизда эса аҳиллик биринчи ўринда. Ҳамма иш жамоавий бажарилади. Шу боис кўнглим тўқ, яхши кайфиятда меҳнат қиламан”, — дейди Шерали Жўраев.


Филиалнинг жипслиги, соғлом муҳити уни шу ерда муқим ишлаб қолишига сабаб бўлди. Ваҳоланки, бугун IT мутахассисларига талаб катта. Шерали эса ўз соҳасида яхшигина билим ва иқтидор соҳиби. Аммо ўз келажагини шу жамоада кўрмоқда.
Қаҳрамонимизнинг яна бир мақтовга сазовор жиҳатини айтиб ўтмасак бўлмайди. У футболни зўр ўйнайди, маҳоратли ҳужумчи. Яқинда Денов туманида футбол бў­йича “Ҳоким кубоги” учун мусобақа ўтказилди. Турли ташкилотлар номидан иштирок этган 34 та жамоа орасида “Hamkorbank”чилар 2-ўринни эгаллади. Филиал жамоаси финалда туман футбол мактаби билан ўйнаб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. “Hamkorbank” АТБнинг футбол бўйича респуб­лика мусобақасида эса Термиз филиали жамоаси устидан 8:4 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олди. Жамоанинг бу ютуқларида Шералининг ҳиссаси катта. Негаки у ҳужумларни ривожлантиради, жамоани руҳлантиради ва голлар уради. Деновнинг ана шундай қобилиятли ходимлари бор.

Н. ТЎХТАМАТОВА.