АДАШГАН ОТА ҲИКОЯСИ
Касбим тақозоси билан вилоятлардан бирида жойлашган ОИТС марказининг фаолиятини ёритишга тўғри келди. Марказ шароитлари билан танишдим, тажрибали шифокорлар билан мулоқот қилдим. Қайтаётганимда четроқдаги дарахтлар салқинида ўтирган, чамаси, 70 ёшлардаги бир отахон мени ёнига чақирди.
— Қизим, журналист экансиз, менга 10 дақиқа, йўқ-йўқ, 7 дақиқагина вақт ажратинг. Мен гумроҳнинг бошидан ўтганларини, шум тақдиримни газетага ёзинг. Токи мендайин адашган, сабр, шукур каби инсоний сифатларни йўқотганларнинг ҳаёти барчага сабоқ бўлсин.
Кўзларини ерга тиккан отанинг елкалари силкинарди. Бироз сукутдан сўнг яна сўз бошлади:
— Ота-онам ишбилармон кишилар эди. Оилада 3 қиздан кейин туғилганим учун мени пўпалаб катта қилишди. Тилаганим доим муҳайё. Ўсмирлик инжиқликларим, балоғат ёшидаги шўхликларимни четга суришди, “уйлаб қўйсак, эси кириб қолар”, деб ўйлашди. Афсуски, ҳаммаси тўйдан кейин бошланди.
Россияга қуруқ мевалар олиб бориб сотардим. Омадим роса келган, пулим кўпайган вақтлар. Маишатга берилдим. Бирин-кетин 2 ўғил, бир қиз фарзанд кўрдим. Рўзғоримда камлик йўқ эди. Хотиним оқила, саришта, мисли фаришта аёл эди. “Нима каминг бор, нима етишмаяпти? Отангникида кўрмаган, емаганларингни муҳайё қиляпман, яна нима истайсан?” дея уни сўзлашига йўл бермасдим.
Бир куни “Болаларимнинг олдида бўлишингизни, уларга меҳр беришингизни хоҳлайман” деган хотинимнинг гапи оғзида қолди. Қулоғи остига тушган тарсакидан гандираклаб кетди. Шу-шу бўлди-ю, бирор марта, илтимос тугул юзимга тик қарамайдиган бўлди. Ота-онамнинг насиҳатларига “хўп” дердим-у, билганимдан қолмасдим. Мен учун муҳими — кўчадаги оғайнилару аёллар эди.
Ота-онам кексайиб қолишган. Ўзимнинг ёшим ҳам 60 дан ўтди. Аёлимнинг оқила, меҳрибон бўлишига қарамай ҳечам меҳр бермадим. Тўғрироғи, уни хотин ўрнида кўрмадим, гўё шу билан устунлигимни кўрсатардим. Ваҳоланки, у мендан устун экан. Болаларини ювиб-тараган, вояга етказган, тарбиялаган, қайнона-қайнотасининг ҳурматини қозониб, дуосини олган. Ожизлигимни, оиламдан узоқлашиб қолганимни сезмабман ҳам.
Аёлим кундан-кунга сўлиб борар, соғлиғи яхши эмасди. Буни сезардим, аммо сир бермасдим. Бир гал сафардан келсам, шифохонада экан, бордим. Шифокорлар менда муҳим гапи борлигини айтишди.
…Кўзларим тиниб, бошим айланиб кетди. Шу кундан бошлаб дунё қоронғи… Аёлим ОИТС касаллигидан вафот этди. Юрагимдаги ваҳима тинчлик бермай қўйди. Чунки хотиним ҳатто отасиникига ҳам рухсатимсиз бормаган. Қўрққаним бўлди…
…Тўрт йилдирки, дўхтирларнинг муолажалари билан яшаяпман. Энг ёмони бундан тўққиз ой олдин юз берди. Қизимни унаштирдик. Икки ёш тиббий кўрикдан ўтаётганларида қизимда ҳам шу касаллик аниқланди. Тўйи бузилди…
На ўликман, на тирик. Боламнинг кўзларига қаролмайман, нигоҳлари юрагимни тешади: “ҳаётимга нуқта қўйдингиз” деяётгандай. Афсус, афсус… Яшашимдан маъни қолмади. Минг бор афсус қилсамда, умрни ортга қайтариб бўлмайди. Бу изтироб мени икки дунёда қийнайди…
Ота-оёқ-қўли бут, юрибди-яшаяпти. Палаталарнинг бирида дилбанди ҳаёт билан курашмоқда.
Нилуфар.