“20 ЙИЛДАН ЗИЁД ШУ ЕРДАМИЗ, САБАБИ…”
“Hamkorbank” 30 йиллик фаолияти давомида катта бир тарихни ёзиб улгурди. Бу воқеликни амалга оширишда кўплаб инсонларнинг иштироки бор. Улар ҳамон шу банк билан бирга. Ана шундай ходимлардан айримларининг фикрига қулоқ тутдик.
“Банкда ишлаб, фан доктори бўлмоқчиман”
Абдулқуддус Умаров,
Нодирабегим филиали чакана бизнес бўлими бошлиғи, бошқарувчи ўринбосари:
— 1995 йилда “Hamkorbank”дан Ҳалима Аҳмедовна бошчилигидаги бир гуруҳ мутахассислар ўрта бухгалтерия махсус техникумига бориб, суҳбат асосида 12 нафар энг яхши битирувчини танлаб олишган. Улар орасида мен ҳам бор эдим.
Ёдимда, Бош банкнинг ёнидаги “обший двор” бузилиши керак эди. Ҳашар куни раиснинг ўзи бузилган жойдаги катта ёғочни елкасига даст кўтариб, ташишга тушди. Буни кўргач, ходимлар ҳам ишга киришди. Ўшанда раҳбаримиз ҳаммага раҳмат айтиб, “Ишни бир кунда тамомладик, демак, ҳали жуда катта ўзгаришларга қўл урамиз. Мана, кўрасизлар, келажакда банкимизни нафақат юртимизда, балки, бутун дунёда танишади”, деган эди. Унинг ана шу бир оғиз сўзи мени шу даражада завқлантирдики, ҳаётимни “Hamkorbank” билан боғлашга қарор қилдим.
Ишонасизми, шу ерда ишлаётганимдан буён деярли барча орзуларим амалга ошди. Уй олмоқчи эдим, ипотека кредити берилди, машина олишни истагандим, автокредитга шароит қилиб беришди. Фарзандларимни ўқитдим, оиламни бекаму кўст қилдим. Ўйлаб қарасам, банкнинг ҳаётимга таъсири жуда катта бўлибди. Энди мен ҳам бу яхшиликларни қайтаришим шарт. Менга кўп нарса берган “Hamkorbank”ка мен ҳам нимадир бермоқчиман.
Ҳозирда Тошкент банк молия академиясининг магистратурасида сиртдан ўқияпман. Таҳсилни докторантурада ҳам давом эттириб, илмий ишга қўл урмоқчиман. Бу билан банкимизнинг илмий салоҳияти нақадар юқори эканлиги, унда фан докторлари ҳам етишиб чиқиши мумкинлигини амалда исботлашни мақсад қилдим.
“Танловимнинг сабабчиси — аҳиллик”
Муҳайё Ўринова,
Шаҳрихон филиали мидл офис биринчи тоифали менежери:
— 23 йил аввал “Андижонбанк”нинг ходимига айланганман. Ўқишни энди тамомлаган ёш қиз эдим. Бухгалтерия ишига қизиққаним учун банк танловида тўхтадим. Қарорим менга омад келтирди.
Жамоанинг аҳиллиги, қизғин иш суръати мени ўзига тортди. Кўпчилик ишлайдиган жойда ғийбат, бир-бирини кўролмаслик, вазифасини хўжакўрсинга бажариш иллатлари бўлади. “Hamkorbank”да ана шу камчиликларни кўрмадим. Қолаверса, янги келганимда устозларим ишга сидқидилдан, виждонан ёндошишни ўргатди. Билдимки, бу ерда ҳалол ва юракдан ишлаган ходим ҳурмат топади. Шахс ва мутахассис сифатида шаклланишимга шароит яратиб бергани учун ҳам “Hamkorbank”ка янада меҳр қўйдим.
Масалан, аввал мижоз бирон амалиётдан фойдаланиши учун банкка келиши шарт бўлган. Ҳозир масофадан истаган операциясини бажариши мумкин. Банк офисига келмаса ҳам ҳисоб рақами, пул айланмасининг қолдиғигача билади. Демоқчи бўлганим, “Hamkorbank”даги ўзгаришларни энг биринчи навбатда мижозларга хизмат кўрсатишдаги ривожланишлар мисолида билса бўлади.
“Ижтимоий ҳимояси маъқул келган”
Ҳаётбек Ҳайдаров,
Бош банкнинг мижозлар ва сотиш департменти транзакцион хизматларни мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси:
— Йигирма ёшли йигит эдим. Дадам етаклаб келиб, ишга жойлаштирган. У пайтда Андижон иқтисодиёт муҳандислик институтида сиртдан таҳсил олардим. Ишни шаҳар амалиёти касса бўлимида стажёрликдан бошлаганман. Бу воқеага ҳам 26 йил бўлибди. Ўша пайтнинг ўзида “Андижонбанк”нинг келажаги борлигига ишонганман. Ишни ташкил қилиш тартиби, жамоадаги оқибат, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси маъқул бўлган. Масалан, 2000 йилларда бошқа ташкилотларда маошни вақтида олиш орзу эди. Банкимизда эса ходимлар учун бепул тушлик, мукофот пуллари жорий этилганди. Дунё стандартлари, тезкор хизмат борасида бошқа банклардан анча илгарилаб кетган эдик. Ана шу омилларнинг барчаси мени шу даргоҳга чамбарчас боғлади.
Мен илк иш бошлаган даврларда мижозлар тушдан кейин қабул қилинмасди. Филиаллар саноқли бўлган. Кўз ўнгимда “Hamkorbank” юксалиб борди. Мижозларни қабул қилиш вақти узайтирилди. Чет эл капитали иштирокидаги тижорат банки мақомига эга бўлди. Бундай ўзгаришларни санаб адоғига етиб бўлмайди.