ИНСОНИЯТ ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР УЙFУНЛИГИ
Бундан 170 йил аввал биринчи марта саноат инқилобининг чўққисига айланган ва иқтисодиёт, сиёсат ҳамда маданиятда глобаллашув даврини бошлаган воқеа юз берди. Яъни 1851 йилда Лондонда «Барча халқларнинг саноати» шиори остида бутунжаҳон кўргазмаси ташкил этилди ва у 25 та мамлакатни битта платформа остида бирлаштирди. Шундан буён мазкур тадбир дунёнинг турли бурчакларида ўтказиб келиняпти. Ва ҳар сафар инсониятга технологияларнинг янгидан-янги мўъжизаларини тақдим этмоқда.
Навбатдаги мезбон — Дубай
“Expo-2020”нинг мезбони дунёнинг энг гавжум нуқтасига айланган Дубай шаҳридир. Кўплаб халқаро йирик тадбирлар каби мазкур кўргазма ҳам пандемия муносабати билан 1 йил кейинга қолдирилган эди, бу йил 1 октябрдан ўз фаолиятини бошлади. «Expo 2020» «Ақлларни бирлаштириб, келажакни боғлаш» шиори остида ўтказилмоқда. Дубайнинг мақсади — инсониятнинг глобал муаммоларини ҳал қилиш учун бутун дунёдаги фикрларни бирлаштирадиган катализаторга айланишдир. 2022 йилнинг 31 мартига қадар давом этадиган мазкур тадбирда Ўзбекистон ҳам иштирок этади. Ушбу йирик инновацион кўргазмага 20 миллионга яқин меҳмон келиши режалаштирилган.
EXPO — ихтиролар бешиги
EXPO иштирокчилар сони бўйича рекордчи халқаро тадбирлар сирасига киради. 1900 йилда Париждаги бутунжаҳон кўргазмаси 50 миллион томошабинни жалб қилган. Бироқ рекордни 2010 йилда Шанхайда ўтказилган «EXPO» 73 миллион ташриф буюрувчи билан ўрнатган. 1992 йилдан буён бу тадбирда иштирок этувчи мамлакатлар сони 100 тадан пастга тушмаган. Дубайда бўлиб ўтаётган навбатдаги намойишда 192 та мамлакат иштирок этиши кўзда тутилмоқда.
Кўргазмадан қолган мўъжизалар
Бўлиб ўтган ҳар битта EXPOни муҳим генератор деб аташ мумкин. Масалан, Эйфель минораси 1889 йил Парижда, Озодлик ҳайкали 1876 йилда АҚШда, Атомиум ёдгорлиги эса 1958 йилда Брюсселдаги кўргазма учун қурилган ва тадбирдан қолган унутилмас эсдалик ҳисобланади.
Ҳар бир янги кўргазма ғайриоддий ихтироларни тайёрлайди ва илғор технологияларни ўзига жалб қилади. 2005 йил Япониянинг Аичи шаҳрида ўтказилган EXPO меҳмонлари АSIMO андроид роботини кўришлари мумкин эди. Феррис ғилдираги, овозли кинотеатр, IMAX технологияси бир вақтлар мана шу кўргазмада тақдим этилган. Энди эса ҳеч қайси йирик шаҳарларни бу кўнгилочар воситаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Меҳмонлар учун яратилган ихтиролар
Стаканли музқаймоқ, «Heinz» кетчупи, Кэмпбелл» шўрваси 1900 йилдаги кўргазманинг ихтиролари ҳисобланади. Бу озиқ-овқат маҳсулотлари ташриф буюрувчиларнинг кўнглини чоғ қилиш учун кашф этилди. Турли тоифага мансуб иштирокчиларнинг бир-бирларини тушунишлари ва алоқа қилишлари учун 1878 йилдаги Париж кўргазмасида кўзи ожизларга мўлжалланган Брайль ёзуви тақдим этилди. Умид қиламизки, Дубайдаги намойишда ҳам бу каби кўплаб янги технологияларни кўрамиз.
Осиё тайёрлади.