ҚУВОНЧУ ТАШВИШИ БИР ЖАМОА
“Hamkorbank” АТБ Истиқбол филиалининг фаолият кўрсаткичлари ва мижозларга кўрсатаётган хизматлари юқори. Бир неча йилдирки, банк филиаллари ўртасида ўтказилаётган танловларда пешқадамлик қиляпти. Ўтган йил якуни бўйича 3-гуруҳ филиаллари ичида “Энг сифатли хизмат” номинацияси ғолиби бўлган Зуҳрахон Ризаева банкнинг 2–даражали «Самарали меҳнатлари учун» медали соҳибаси бўлганида ходимларнинг кайфияти янада кўтарилди. Яқинда Акбаржон Холматовнинг “Hamkorbank” томонидан таъсис этилган кўкрак нишони билан тақдирланиши ҳам уларнинг кучига куч қўшди. Энди янада фаол ишлашни ният қилган жамоанинг муваффақиятлари ортди. Жорий йил III чорак якуни бўйича “Энг самарали филиал” номинацияси бўйича рейтинг натижаларига кўра яна 1-ўринни қўлга киритилди.
— Кўплаб мижозлар микроқарз кредити бўйича мурожаат қилади ва тез, сифатли хизматлар асносида муродлари ҳосил бўлади, бундан хурсандмиз. Шунингдек, филиалимиз бош банкка салоҳиятли ва билимли кадрлар етиштириб беришда ҳам фаол. Молия муассасамизда иш бошлаган 10 га яқин ходим айни дамда бош банкда турли лавозимларда ишламоқда, — дейди филиал бошқарувчиси Аҳрорбек Мўйдинов.
2020 йилда “Hamkorbank”нинг 2–даражали «Самарали меҳнатлари учун» медали билан тақдирланган Эркин Мадалиев 16 йил филиалга раҳбарлик қилди. Унинг раҳбарлигида банк сирларини ўрганган кўплаб ёшлар ҳаётда ўз ўринларини топдилар. Айни пайтда раҳбарлик қилаётганига кўп бўлмаса-да, жамоанинг ҳурматини қозонган А.Мўйдинов “иш унуми интизомда”, дея кўп такрорлайди. Ходимлар ҳам бунга амал қилади.
Аҳиллик бор жойда қут-барака бўлади, дейдилар. Жамоада ана шу аҳиллик мужассамки, муваффақиятларга эришиляпти. Тафаккур ва изланиш, интилишлар, замон билан ҳамнафас иқтисодий ўсишлар иқтидорли ва билимли ёшлар шижоатида мужассам. Уларга Фотима Каримова, Дилбархон Алиева, Эльвина Амирова каби устоз мақомига етганлар бор билим ва тажрибаларини ўргатмоқда. Камолиддин Исақов, Камолиддин Шерматов, Шаҳноза Имомова, Ҳусниддин Эрматов ва Ферузахон Ҳайдаровалар намунали хизмат кўрсатишда ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқдалар.
Ҳа, жамоанинг қувончу ташвишлари бир. Бир-бирларига елкадош, сирдош, худдики бир оила. Ютуқлардан қувонишни ҳам билишади.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.

