АНОР ҲАР ДОИМ ҲАМ ФОЙДАЛИ ЭМАС
Ҳозир айни куз пайти. Инсон организми учун витаминларга бой барча мевалар пишиб етилган. Витамин ва антиоксидантларга бой бўлган анорнинг фойдали хусусиятлари ҳақида биламизми?
Aнорда нақд учта турга мансуб антиоксидантлар — ошловчи моддалар, антосиан ва эллогол кислотаси мавжуд. Бу мева ўз ҳолича ёки шарбат кўринишида истеъмол қилинганида ҳам фойдали хусусиятини йўқотмайди.
Парҳезда бўлганлар кун давомида бир стакан анор шарбати қабул қилса, сезиларли вазн ташлаши мумкин. Ҳамма гап мева таркибидаги полифенол моддасида. У қоринни тўқ тутиб, иштаҳани назорат қилишда ёрдам беради. Анор таркибидаги юқори даражали антиоксидантлар юрак қон-томир касалликларидан ҳимоялайди.
Ич кетиши ичак инфекцияларига боғлиқ бўлмаганида уни анор шарбати ёрдамида «ҳал» қилса бўлади. Бунинг учун бир стакан мева шарбатини қабул қилиш кифоя. Борди-ю, анор топилмаса, ўрнига қуритилган пўстлоғини қайнатиб ичса ҳам бўлади. Милк бўшашишида анор пўстлоғини қайнатиб, оғизни чайиш тавсия этилади. Бироқ қайнатмадан мунтазам фойдаланиб бўлмайди. У вақтинчалик чора, холос. Таркибидаги ошловчи моддалар милклар ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.
Aнор меваси истеъмоли кимларга мумкин емас?
Мева пўстлоғида алкалоид заҳарли моддаси бор. Шу боис мева пўстлоғидан тайёрланган дамламалар меъёрини ошириб бўлмайди. Aртериал қон босимининг кўтарилиши, бош айланиши, қайт қилиш ҳолатлари анордан тайёрланган дамлама таъсирида келиб чиқиши мумкин.
Ҳар бир организм ўзига хос. Анордаги органик кислоталар тиш эмалини емириши мумкин. Шарбатга озроқ сув қўшиб қабул қилиш тавсия этилади. Шарбат–ўткир нафрит, гепатит, панкреатит, ошқозон кислоталарининг юқорилиги билан кечувчи гастрит ва меъда ярасида тавсия қилинмайди. Ҳуснбузарлар билан курашишда қуйидаги усулни синаб кўриш мумкин: 1 чойқошиқ тузга 2 ошқошиқ анор шарбати ва шунча миқдордаги кир совун кўпиги аралаштирилади. Ҳосил бўлган аралашма тошма устига суртилади ва 5-8 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювилади.
Томоқ оғриганда анор шарбати ёки пўстлоғидан тайёрланган қайнатма ёрдамида томоқни ғарғара қилиш мумкин. Унинг таркибидаги аскорбин ва лимон кислоталари бактерицид таъсирни пайдо қилиб, шиллиқ қават яллиғланишини камайтиради. Шунингдек, қуёш нуридан зарарланганда, иштаҳасизлик кузатилганида ҳар овқатланиш олдидан ярим стакан, қўл-оёқ шишганда эса кунига 1-2 маҳал шарбатини истеъмол қилиш фойдали. Aнор дони ва шарбати ични қотириш хусусиятига эга. Шу боис у қабзиятга мойиллиги борлар учун тавсия қилинмайди.

