Жамоадан куч олдим

Самарқанд давлат университетида ўқиб юрган кезларимиз иш фаолиятимизни қандай бошлаш борасида курсдошлар кўп суҳбат­ла­шар­дик. Юқори босқичда таклифлар бўла бошлади. Кимдир давлат идораларини, кимдир хусусий секторни танлади. Менда банк тизимига қизиқиш ортди.
Тўғри, бошқа банкларда ҳам ишлашим мумкин эди. Амалиётни “Hamkorbank” АТБ нинг Каттақўрғон филиалида ўташ даврида айнан шу банкда ишлашга аҳд қилдим. Аниқроғи, жамоадаги муҳит, ходимларга бўлган эътибор ва юқори хизмат сифати менга куч берди.
Танловда қатнашиб, ишга қабул қилиндим. Очиғи, ўзим истагандек жамоа бўлгани учун ҳам қийинчилик сезмадим. Қайтанга ҳамкасбларимнинг ҳар бири устозга айланди. Кимдандир муомала маданиятини, кимдандир ташаббускорликни ўргандим. Айниқса, Носиржон Гулмуродовнинг кўрсатмалари касбимни тез ўзлаштириб олишимга туртки бўлди.
Ҳозирда менежер сифатида иш олиб боряпман. Режаларим катта. Асосийси, танловда адашмадим. Олдимда жамоа ишончини оқлашдек масъулиятли вазифа турибди. Устозларим кўмагида бу синовдан муваффақиятли ўтаман.

Суннатилло Маҳмудов,
Каттақўрғон филиали чакана бизнес бўлими менежери.