Аҳил жамоа билан ривожланиш йўлидамиз
“Hamkorbank”АТБнинг Марғилон филиали 2002 йилда атиги 16 нафар ходим билан ўз фаолиятини бошлаган. Мижози ҳам унча кўп бўлмаган. Бу табиий, албатта. Қисқа фурсатда, яъни 2005 йилда ходимлар 22 нафарга етди. Иқтисодий ўсиш тез борди. Банкка мурожаат қилувчилар сони ҳам шунга яраша ортди.
Бугун жамоамиз асосан изланувчан, тиришқоқ ва билимли ёшлар билан шаклланган. Уларга узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган Тоҳир ака Маҳмудовдек тажрибали мутахассис устозлик қилиб келмоқда. 1 400 дан ортиқ юридик ва 6 000 жисмоний шахслар доимий мижозимиз. Улар кўрсатилаётган банк хизматларидан мамнун. Мижозларнинг энг кўпи чакана бизнес бўлимида қабул қилинади. Бу бўлим кишидан сабр ва хушмуомалаликни талаб этади. Шахноза Ғофурова ана шундай ходимлардан. У ёш бўлишига қарамай етарли тажрибага эга. Дилбархон Саидхонова филиал ташкил топгандан буён ишлаб келади. Яқинда унинг қувончини жамоа билан баҳам кўрдик. Фарзанди пойтахтдаги олий ўқув юртига ўқишга кирди. Ипотека кредити эвазига кўп қаватли уйларнинг бирига эга бўлди. Бу биргина мисол. Ҳар бир ҳамкасбимизнинг қувончи жамоага кўтаринки руҳ бағишлайди. Чунки барча аҳил-иноқ, гўё бир оила.
Ўтган 2020 йил барча соҳада бўлгани каби иқтисодиёт ва банк тизими йўналишида синовли йил бўлди. Якунланган йилда филиалимизга 9 миллиард 500 миллион сўм миқдорида фойда режаси белгиланган эди. Режани 13 миллиард 160 минг сўмга, яъни 141 фоизга ортиғи билан бажардик. Бундан ташқари, корпоратив хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи Рустамжон Умаров раҳбарлигидаги кредит ходимлари кредит портфелини ўстириш йиллик режасини 6 ойлик якуни бўйича муддатидан олдин бажаришга эришдилар. Ҳамма вақт мижозлар манфаатни устун қўйишимиз, сидқидилдан, астойдил қилинган самарали меҳнатларимиз туфайли ҳамкор корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлар сони ортиб боряпти. “Ferlev”, “Magic black oil”, “Trans ferlev” масъулияти чекланган жамиятлари каби нефть маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи импортёр, “Нурли тонг силк”, “Dang’ara ipagi”, “Beshariq ipagi” МЧЖ сингари ипакчилик экспорти билан шуғулланувчи корхоналар ана шулар жумласидан. Биргина “Ferlev”, “Magic black oil”, “Trans ferlev” масъулияти чекланган жамиятлари алоқадор корхоналар гуруҳига 2018 йилда 8 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган бўлиб, ўтган йиллар мобайнида мижоз томонидан қўшимча бизнес сифатида меҳмонхона, умумий овқатланиш тармоқлари шакллантирилди, 60 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилда ушбу корхоналар тармоғига 4 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари берилиб, қўшимча 40 дан зиёд иш ўрни барпо этилди. Ҳозирда ушбу мижозлар томонидан чет эллик инвесторлар иштирокида нефть маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича кичик ишлаб чиқариш корхонаси линияси олиб келиб ўрнатиляпти. Натижада кўплаб марғилонликлар иш билан таъминланади ва ҳудуд иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшилади.
Филиалимизда «Олтиариқ», «Тошлоқ», Увайсий ҳамда «Ипакчи» банк хизматлар офиси мавжуд. Ушбу БХОларда мижозларга барча турдаги банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Биргина «Олтиариқ»нинг мижозлари минг нафарга етди. «Ипакчи»нинг ташкил қилинганига кўп вақт бўлмаган бўлсада, шаҳар аҳлининг ишончига кирган. “Раҳмон Умар Файз” МЧЖ намунали мижозларидан. Бир сўз билан айтганда, мижозлар хизматимиздан мамнун.
Рашиджон МАДАМИНОВ,
Марғилон филиали бошқарувчиси.

