ШИОРИМИЗ: ЮҚОРИ СИФАТ
Бугун гўдак фарзандини бир марталик тагликларсиз улғайтирадиган она топилармикин? Албатта, йўқ. Бешик ўрнини “памперс”лар эгаллаганига кўникиб бўлдик.
Замон ва бозор талабини инобатга олган ҳолда 2010 йилда Хитой билан ҳамкорликда “Hunan pulp” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонани ташкил қилдик. 2011 йилдан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулотларимиз болалар тагликлари, аёллар гигиеник воситалари ва ниқоблардан иборат бўлиб, республикамизнинг барча ҳудудига тарқалади. 54 нафар ишчи ёрдамида ойига 1-1,5 миллион дона маҳсулот дунё юзини кўрмоқда. Бундай натижага доим “Сифат ва яна сифат”, шиори остида ишлаш билан эришмоқдамиз.
Кармана туманидаги эркин иқтисодий зонада биз каби ривожланиш йўлидаги қатор корхоналар иш олиб боряпти. Агар ташриф буюрсангиз, фаолиятимиз билан яқиндан танишасиз.

“Hamkorbank”нинг Навоий филиалига 2018 йилдан буён мижозмиз. Филиалнинг барча турдаги хизматларидан фойдаланиб келяпмиз. Жамоанинг мижозга муносабати ва хизмат кўрсатиш сифатига аъло баҳо қўйса бўлади. Ҳамкорлигимизнинг дастлабки давридан ҳозиргача жами 681 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олишга эришдик. Бу маблағнинг барчасини хомашё сотиб олишга сарфладик. Негаки, тагликлар учун зарур хомашёлар асосан чет элдан келтирилади. Биз ҳам керакли қисмларни Россия, Туркия, Хитойдан харид қиламиз.
Маҳсулотларимиз ҳар уч ойда лаборатория текширувидан ўтади. Шукрки, омборда тахланиб турмайди, ишлаб чиқарилган заҳоти бозорга йўл олади. Тагликларимиз “Pannolino”, “Аmore baby”, “Pom Poms” брендлари остида танилган. Шу кунгача биронта харидордан шикоят эшитмадик. Муваффақиятларимиздан илҳомланиб, яқин келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳамда нам салфеткалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидамиз.
Икром ХЎЖАЕВ,
корхона бош ҳисобчиси.