АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯСИ МУТАХАССИСИГА ТАЛАБ ОРТМОҚДА
— Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиалини тамомлаб, дастлаб “Hamkorbank” АТБнинг информацион технологиялар бўлимида иш ўрганувчи сифатида иш бошладим. Кейин шу йўналишнинг бошқа бўлимларида ўзимни синаб кўрдим. Ва аста-секин шу соҳада ўз билим ва тажрибаларимни ошириб бордим.
Бундан 10 йил олдин банкимизнинг филиаллари сони ҳозиргидан икки баравар кам эди. Дастурий таъминот ва тизимлар (катта, кичик) атиги 70 та атрофида бўлган. Ҳозир эса 400 тадан ошди. Бутун банк тизимида бу соҳа мутахассислари 15 киши эди, ҳозир уларнинг сони 100 нафарга яқин.
Банк молиявий тизимлари маълумотлари умумий ҳисобда 1,5 терабайт бўлган бўлса, ҳозир бу ҳажм 80-100 терабайтга етди. Кўряпсизми, маълумот ҳажми қай даражада ортган. Мана шу ҳолатларнинг ўзи тизимда информацион технологияларнинг аҳамияти қанчалик муҳим эканлигини билдиради. Айтайлик, ҳозирда ахборот технологиялари ушбу соҳа фаолиятида 60-70 фоиз қўлланилаётган бўлса, яқин келажакда 95 фоизга етади.
Ишимизнинг ўзига яраша мураккаб томонлари кўп. IT мутахассислари доимо янгиликларни ўқиб-ўрганиб, амалиётда қўллаб бориши зарур. Сабаби банк тизимида мунтазам янги хизмат кўрсатиш дастурлари ва тизимлари пайдо бўлади.
Бу соҳадаги масъулият бошқа соҳалардан катта фарқ қилади. Биз бир вақтнинг ўзида мижозлар, ходимлар ҳамда банк тизимига алоқадор ташқи корхоналар билан ишлаймиз ва бу жараённинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд. Шу боис нафақат яхши мутахассис, балки, ширинсўз, хушмуомала, киришимли ва сабр-тоқатли инсон бўлишимиз керак.
Бизнинг арзимас хатомиз банк учун қимматга тушиши мумкин. Яна биздан барча хизмат турлари бўйича билим ва универсаллик ҳам талаб этилади. Қолаверса, доимо чақирувга шай турамиз. Агар зарурат туғилса, ярим тунда ҳам хизмат вазифамизни бажарамиз. Банкдаги бирон қурилма ишдан чиқса, мижозга хизмат кўрсатаётган технологияда носозлик кузатилса, охирги ечим биз бўламиз.
Баъзан технологиялар залворидан толиққан пайтимизда қандайдир восита орқали ўзимизни чалғитишга ҳаракат қиламиз. Масалан, мен теннис, бильярд ўйинлари билан шуғулланаман. Уйда эса уч нафар фарзандим билан шахмат, шашка ва бошқа қизиқарли ўйинлар ўйнаб тураман. Бу машғулотлар болаларнинг ақлини чархлаб, жисмонан тетиклаштирса, менга кайфият бағишлайди.
Нима бўлганда ҳам соҳамизнинг келажаги порлоқ. Айниқса, банк соҳасида рақамлаштириш ривожланаётган бир пайтда ахборот технологияси мутахассисига бўлган талаб янада ортмоқда. Замон талабига жавоб берадиган малакали ва етук мутахассис бўлиш ўзимизга боғлиқ.
Қўшимча маълумот ўрнида:
Айни пайтда “Hamkorbank” тизимида 47 та филиал, 105 та БХО, 145 та 24/7 офиси, 486 та банкомат, 50 та АДМ қурилмаси, 227 та инфокиоск, 230 та интернет киоск, 31736 та тўлов терминаллари ишлаб турибди.
Азизбек Валиев,
“Hamkorbank” АТБ ахборот технологиялари департаменти директори ўринбосари.