САМАРАЛИ НАЗОРАТ ТИЗИМИ

муваффақиятлар омили
Иқтисодиёт ривожи аҳолининг фаровон турмушида ўз аксини топади. Банк фаолияти эса рақамларда ифодаланади. Бугун “Hamkorbank”АТБ халқимиз ҳаётида ўз ўрни ва нуфузига эга молия муассасаси ҳисобланади. Кўрсаткичларининг юқорилиги ва ривожланиши асносида ушбу тизим ходимларининг сидқидилдан қилган меҳнатлари ётади.
Ҳар қандай бизнесни муайян таваккалчилик­лар ва хавф-хатарларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. “Hamkorbank” АТБ бизнесда вужудга келадиган бундай хавф-хатарларнинг олдини олиш ва таваккалчиликларни камайтиришга имкон берувчи самарали назорат тизимига эга десак, муболаға бўлмайди. Шунингдек, амалдаги қонунларга риоя қилиш ва истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларни ҳис қилиш қадрият даражасига кўтарил­ган. Зеро Банк Бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраев таъкидлаганларидек, самарали ички назорат тизими рақобатбардошлик омилларидан биридир.
Бизда назорат вазифаларига масъул ходимлар фаолиятини мунтазам такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилади. Бош банк томонидан ўтказилган навбатдаги тадбир назорат бўғинлари фаолиятининг 2021 йил якунлари ва 2022 йилга белгиланган устувор вазифаларга бағишланди. Барча филиалларнинг бош ҳисобчилари, ички назорат мутахассислари ҳамда молиявий мониторинг бошқармаси ходимлари иштирокидаги ушбу тадбирда тизимдаги масалалар таҳлил қилинди. Операцион фаолият давомида назорат бўғинларининг ўрни ва вазифалари тушунтириб ўтилди.
Жумладан, бухгалтерия назоратини замонавий банк технологиялари ва бошқарув услублари асосида ташкил қилиш, комплаенс назорат тизимини такомиллаштириш, банк операциялари назоратини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама этилди. Ички аудит хизмати томонидан ўтган йилда филиалларда аниқланган камчиликлар ва уларнинг юзага келиш сабаб­лари таҳлил қилинди.
Мазкур тадбирнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шуки, унда иштирокчиларга ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имкони берилди, амалий машғулотлар ташкил этилди. Йўналишлар бўйича ўқув-семинарлари уюштирилиб, ўзаро тажриба алмашинув машғулотлари ўтказилди. Гуруҳларга бўлиниб ишлаш: жамоавий муҳокама, келгуси режалар, таклифлар тақдимотида иштирокчилар фаоллик кўрсатдилар. Йилнинг “Энг яхши бош бухгалтери”, “Энг яхши ички назорат ходими”, “Энг яхши молиявий мониторинг мутахассиси” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Ҳусанбой ЮЛДАШЕВ,
“Hamkorbank”АТБ молиявий мониторинг бошқармаси бошлиғи.