ЮРГАН ЭРКАКЛАР
Кечки овқат пайтида Комилжон турмуш ўртоғи Сорахонга хижолатомуз боқиб, секин гап бошлади.
— Ишхонада биз — Барно, Нодира, Илтифот, Жўра, Фозил ва мен юряпмиз. Мен анча вақт улар таклифига розилик бермай юрдим — оила, бола-чақа, таниш-билишлар дегандек, улар олдида қандай бўларкин, деб. Йўқ, қўйишмади.
— Дадаси, яхши ўзингиз гап очиб қолдингиз, мен ҳам сизга айрим миш-мишларни етказмоқчийдим. Кўпчиликдан «эрингиз юряпти, бирон бир чора кўрмасангиз, ундан айрилиб қоласиз», деган гапларни эшитдим. «Бир кун малла соч, эртасига сочи ўғил болаларникига хос сарвқомат билан шаҳар кўчаларида сайр қилишганини кўрдик», деб айтишди. Ўртамизда фарзандлар бор, дадам, ойим, овсинларга бу гап етиб борса, нима деган одам бўламиз?
— Уларинг ўзлари юришмайди-да, шунинг учун бу ишнинг мазасини ўз таналарида ҳис қилишмайди, — суҳбатни давом эттирди эр. — Мана, мен бир ҳафтада ўзимни йигитлардек сезаябман. Ҳозир мени юришга таклиф этганлардан беҳад миннатдорман.
— Ўзи ҳамма эркакларнинг лойи бир жойдан олингани рост экан. Сизларга бегоналар ўтдек кўринади. Беш нафар фарзанд топгунча “сен менинг бор-йўғимсан!”, “бир умр сенга вафодорман, ойиси!” деб қайта-қайта такрорлаган Сиздек покиза инсон юришни бошлаган бўлса, бошқалар тўғрисида нима дей!?
— Энди, ойиси, ҳамма юрябди-да! Бу раҳбарият топшириғи. Юрмаганларга чора кўрилар экан. Ҳар ким танлагани билан юрсин дейилди, нима қилай, танбеҳ олгим йўқ, шунинг учун мен Нодирада тўхталдим. Кўчада юрсанг ҳам номус қилмайсан, кўҳликкина аёл. Янги ҳафтадан бошлиқ ҳам юрармиш, унинг йўлдоши ким бўлади, ҳали номаълум, балки, ўринбосари Яйра Ярашевна ёки котибаси билан юрар.
Эридан бу гапни эшитиб, Сорахоннинг юзи совуқда қолгандек кўк-қорамтир тусга кирди.
— Бу қандай ишхона ўзи? Раҳбарлар ходимларини бундай номақбул ишларга чорласа? Яна ўзлари бош бўлишса! Яна қанча давом этади бу шармандалик?
— Ҳали–бери бу ишни тўхтатишмаса керак. Чунки бизда қайсидир бир депутат таъкидлаганидек, кўп гўшт еб қўяётганимиз сабабли семизлар сони ҳаддан ташқари ошиб кетаётган эмиш. Энди уяли телефонимизга “Соғлом турмуш тарзи” платформасини ҳам юклаб олиш шарт экан. Чунки раҳбар бир кунда неча қадам юрганимиз ҳақидаги ҳисоботни телефонларимиз орқали юритар экан. “Оила аъзоларингиз билан ҳам юринглар, шу масалада фаоллик кўрсатганлар учун мукофотлар ҳам таъсис этилди”, — деди. Энди сен ҳам мен билан юргин!
— Мен Сизнинг никоҳдаги хотинингиз бўлсам, нега энди юришим керак ?
Комилжон беихтиёр кулиб юборди.
— Эҳ, ойиси, ойиси! Шунчалик ҳам содда бўласанми? Яратганнинг ўзи биз эркакларнинг эмас, балки, сиз аёлларнинг лойини бир жойдан олган дегим келади. “Юрмоқ” сўзининг ўн бешдан зиёд маъноси борлигини бир четга суриб қўйиб, сиз аёллар “бегоналар билан яқин муносабатда бўлмоқ” тушунчасини миянгларга қуйиб олгансизлар ва бу нарса сизларга ҳеч тинчлик бермайди. Биз Барно, Нодира ва Илтифот билан бирга ишлаймиз, бирга пиёда юрамиз. Мен мана шуни назарда тутяпман!
Расулжон МУХТОРОВ.

