ҲАМКОРЛИК: ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДАГИ ИЛК МУВАФФАҚИЯТ
“Hamkorbank” АТБ Фарғона минтақавий филиали ҳақида гап борганда, бир сўз билан “Аҳил жамоа”, дея баҳо берилади. Чиндан ҳам шундай. Банк муассасасига кириб боришингиз билан ходимларнинг муомала маданияти, бир-бирини қўллаб-қувватлашларини кўриб ҳавасингиз келади. Каттаю кичик бирдек салом билан қарши олинади. Мижозлар кўрсатилаётган хизматдан хурсанд.
Айни вақтда 43 нафар ходим самарали иш юритаётган жамоага Абдуқаҳҳор Шарипов раҳбарлик қиляпти. У 2019 йили бу вазифага тайинланганида ўз олдига шундай мақсад қўйганди: жамоа билан бир оила бўламиз, ҳар бир ишни биргаликда бажарамиз, тизимда олдинги сафга чиқамиз.
«Вақт — ҳакам» дейдилар. Биринчи раҳбарга қараб барча бир куч бўлди. Берилган топшириқларни бажариш баробарида соҳадаги янгиликларни ўрганиш ва амалда қўллаш ютуқларга бошлади. Замонавий хизмат турлари амалиётга татбиқ этилди. Мижозларга эътибор ва хизмат сифатини ошириш асосий қоидага айланди.
Кадрлар тажрибасини ошириш иш самарадорлигини юксалтиради, ҳар қандай муаммонинг олдини олади. Айниқса, изланувчан ёшлар фаолиятида бу катта аҳамиятга эга. Бежиз бунга тўхталмадик. Жамоанинг асосий қисми ёшлардан иборат. Шу сабаб “устоз-шогирд” мактаби яратилган. Янги иш бошлаган ходим ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Ҳусанбой Умрзоқов ва Муҳаммаджон Умаров каби тажрибали ходимлар бу борада ташаббускор. Шунинг натижасида жамоа сафига қўшилганига ҳали кўп бўлмай Саиджон Муҳаммаджонов ва Элмурод Тўхтасинов каби ёшлар чинакам банк ходимига айланди.
— Ҳалоллик ишимизнинг асоси. Коррупцияга умуман ўрин йўқ. Мижоз биз учун доим ҳақ, — дейди бошқарувчи филиал ҳаёти билан таништираркан. — Масъулият борасида ҳам талабчанмиз. Белгиланган иш вақтида бажарилади. Шунга яраша рағбатлантириб боришни ҳам унутмаймиз. Яна бир ютуғимиз — филиаллар орасида энг замонавий бинода жойлашганимиз. Ҳамма шароит бор. Учта очиқ айвон ходимларнинг чарчоғини ёзади. Бу жойдан шаҳарнинг гўзаллигини томоша қилиб, дам олиш мумкин.
2018 йилда ташкил топган мазкур молия муассасаси жуда қисқа вақт ичида нафақат “Hamkorbank” филиаллари, балки, вилоятдаги бошқа банк муассасалари орасида ҳам ўз ўрнини топди.

— Очиғи, бошида ҳадигим бор эди. Чунки Фарғона шаҳарининг ўзида 20 та банкнинг филиаллари бор, — дея сўзини давом эттирди суҳбатдошимиз. — Рақобат ўта кучли. Мижозларнинг кўнглига йўл топиш билан иш битмайди. Хизмат сифатини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим. Шунда уларнинг ўзи бизни танлайди. Яна ҳар бир мижозни яхши билиш шарт. Бу кредитлашда катта аҳамиятга эга. 30 йилдан буён бозор шароитида ишлаётганимиз ҳам ютуғимиз. Айрим банклар бунга энди қадам қўймоқда.
Беихтиёр рақамларга кўз ташлаймиз: 2021 йилда 230 та юридик мижоз қўшилди, улардан 3 таси корпоратив. Тезкор фойда режаси кўзланганиданда юқори, 11 млрд. сўмга бажарилди. Натижада худди шу йўналишда режа бажарган 5 та филиал қаторидан жой олинди. Ходимлар ўзгармас ойлик иш ҳақининг 200 фоиз миқдорида рағбатлантирилди.
2022 йилнинг январь ойи ҳам самарали якунланди. Белгиланган кредит қўйилмалари 29,5 млрд. сўмга ошди ва ойлик ўсиш режаси 264 фоизга, фойда режаси эса 125 фоизга бажарилди.
Йилни янги ютуқлар билан бошлаган жамоа “Ҳамкорликда юксалиш сари борамиз”, ғояси билан олдинга қадам қўймоқда. Бу амалдаги йил улар учун янада муваффақиятли бўлишини кўрсатади.
А. НАЗАРОВ.