ҲАМКАСБЛАРИМИЗ ҲАЁТИ БИЗ УЧУН ҚИЗИҚ

Банк тизимидаги фаолиятимни 2004 йилда Қувасой филиалида бошлаганман. Ўша кезларда Фарғона политехника институти талабаси эдим. Ҳали ўқишни тугатмай туриб жамоага қўшилганман.
2014 йилда “Истиқбол”, 2020 йилда эса Фарғона минтақавий филиалига келдим. Чакана, касса, қўйингки, банкнинг барча бўлимларида ишладим. Лавозим қандайлиги мени қизиқтирмаган. Банкда бир кун бўлсада олдин иш бошлаган ходим мен учун устоз. Уларнинг ҳар биридан нимадир олганман. Муҳими, ўз севган касбимда фаолият олиб боришим бўлган, ҳар лаҳзада.
Ходимлар билан ишлаш менежери сифатида ҳаммани маслакдоши, сирдошига айланганман, десам муболағасиз. Онам 30 йил шу лавозимда ишлаганлар. Шу боис инсон психологиясини ўрганишда қийналмадим. Ҳамкасбларимнинг нафақат ишдаги фаолияти, балки, шахсий ҳаётида, оиласида ҳам масъул ҳисоблайман, ўзимни. Кимнидир соғлиғи, кимнидир ишида, рўзғорида муаммо бўлиши мумкин-ку буни ўрганиш, уларга кўмак беришга шошамиз. Бироқ инсонлар ташвишу қувончи билан яшаш жуда мураккаб.
Ходимларни руҳан қўллаб-қувватлаш иш унумдорлигини оширади. Чимён Ўзбекистоннинг табиати мусаффо ҳудуди ҳисобланади. Ўтган ойда жамоамиз табиат қўйнида дам олиб келди. Ҳамманинг кайфияти чоғ бўлди. Янгича иштиёқ, куч-ғайрат билан яна ишга киришдилар.
Жамоамиз “Hamkor press” газетасини мунтазам кузатиб боради. Қайси филиал ёритилди, муваффақиятлари, ходимлар салоҳияти, қўйинки, ҳамкасбларимизнинг банкдаги ҳаёти биз учун қизиқ. Шунингдек, ибратли воқеалар, замондошларимиз ҳаёти, дунё иқтисодиёти билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар, янгиликлар билан танишиб борамиз. Журналистнинг машаққатли меҳнатини доимо қадрлайман. Болалигимда шу касбга меҳрим бўлакча эди.
Наргиза ОРЗУҚУЛОВА.