ҲАММА ГАП ҲАЛОЛЛИКДА

Банкимиз ташкил топганининг 35 йиллиги арафасида ҳаётимда яна бир унутилмас воқеа юз берди. Камтарона меҳнатларим юқори баҳоланиб, “I-даражали самарали меҳнати учун” медали билан тақдирландим.

Бу “Hamkorbank”даги учинчи йирик мукофотим. Шу пайтгача банк томонидан берилган деярли барча унвон, рағбатларга сазовор бўлдим. Бунинг учун Банк Кенгаши ҳамда Бошқарувига миннатдорчилик билдираман.
Мазкур тақдирловдан сўнг ҳаёт йўлимга яна бир бор назар ташладим. 30 йил аввал Шаҳрихон филиалида мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича масъул ижрочи сифатида иш бошлаган эдим. Бугун ҳам шу қадрдон жамоам билан биргаман. 2001-2011 йиллар бош ҳисобчи бўлиб ишлаб, 2015 йилгача ушбу вазифани Бош банкда бажардим. 2015 йилда яна Шаҳрихонга ўз вазифамга қайтдим. 2026 йилдан эса Бош банкда операцион ривожланиш ва кузатиш бошқармаси эксперти сифатида ишимни давом эттиряпман.
Бош банк ходими ҳисоблансам ҳам фаолиятимни Шаҳрихонда олиб бораман. Масофа орқали ишлаш ҳар томонлама қулайлик туғдиряпти. Энг аввало, йўлга кетадиган вақтимни ишга сарфлайман. УБХО офисида ўзимга алоҳида хона берилган. Бу кўпчилик билан ишлашдан кўра қулайроқ. Хотиржам ва сокин муҳитда самарадорлик юқори бўлади.
Муваффақиятларимда оиламнинг қўллаб-қувватлаши ва онам қилган дуоларнинг ҳиссаси катта. Агар турмуш ўртоғим, қайнота-қайнонам менга шароит яратиб бермаганида аллақачон бу иш билан хайрлашишимга тўғри келарди. Чунки аёл кишининг ютуқлари ортида унинг оиласи туради. Қолаверса, ҳалол меҳнатим туфайли жамоада ҳурмат-эътибор қозондим.
Касбим ортидан нимаки топган бўлсам, бунинг учун устозларим Олмахон Тўражонова, Алмира Нигматжанова, раҳматли Сотволди Самиевларга ташаккур айтаман. Улардан ўрганганларим натижасида малакали мутахассис даражасига етдим. Ҳаётдан олган хулосам шу бўлдики, ҳалол бўлсак, изланишдан, меҳнат қилишдан қочмасак, шундай мукофотлар билан сийланаверар эканмиз.


Феруза ЎРМОНОВА,
операцион ривожланиш ва кузатиш бошқармаси эксперти