УМУМЖАҲОН ПУЛ ҲАФТАЛИГИ

Молиявий саводхонлик молиявий барқарорликнинг бош мезонидир. Фаровон ҳаёт кечиришни истаган ҳар бир инсон бу борадаги билимларини кенгайтириши зарур. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, “Hamkorbank” АТБ ва қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган учрашув ҳам айнан талаба ёшларнинг молиявий билимларини оширишга қаратилди.
Иштирокчиларга рақамли банк, унинг имкониятлари, кредитлардан мақсадли фойдаланиш, уларни тўғри йўналтириш бўйича қизиқарли презентациялар тақдим этилди. Интерактив шаклда ўтказилган учрашувда ёшлар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар, саволларига етарлича жавоб олдилар. Тадбирда, шунингдек, плас­тик карталар билан боғлиқ фирибгарлик­лар хусусида ҳам маълумот берилди. Global money week — Умумжаҳон пул ҳафталиги доирасида ташкил этил­ган учрашув якунида унда фаол иштирок этган талаба ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Ёшларнинг молиявий билимларини оширишга қаратилган ана шундай тадбирлардан яна бири Фарғона шаҳрида ўтказилди. Талабалар тақдим этилаётган маълумотларни қай даражада ўзлаштириб бораётганликлари савол — жавобларда ўз ифодасини топди.
“Hamkorbank” — молиявий саводхонлик тарафдори. Зеро мамлакатимиз ёшларининг бу борадаги билимлари ортгани сари, юртимиз иқтисодиёти янада тараққий этади.
Наргиза Эшонова