ХОНЛАР ТОҒИ
Азиз ўқувчи, ушбу мақола орқали сизни юртимизнинг гавҳари, “Ўзбекистон Швейцарияси” ҳисобланган Хонобод адирларига, яъни Хонлар тоғига саёҳатга чорлаймиз.
Савол, адирда арчазор бўладими? Албатта, йўқ. Аммо табиат қоидасига мутаносиб равишда Хонтоғ адирлари турли-туман арча ва дарахтларга тўла. 50 йил аввал бу тепаликларда дарахтдан ном-нишон бўлмаган. Янтоқлар ўсиб ётган яйдоқ қирлар инсон ақл-идроки ва меҳнати билан боғу гулзорга айланган.
Воқеа шундай бўлган. 1972 йилда Хонобод шаҳри ташкил этилиб, унга Солижон Меҳмонов (жойлари жаннатдан бўлсин) раҳбар этиб тайинланди. Бу инсон борини бериб, шаҳарни боғу бўстонга айлантириш ҳаракатига тушди. Бунинг учун чет давлатларга бориб, ўша ердан ноёб дарахтларни олиб келди. Уларнинг экишда ҳам ўзи бош-қош бўлди. Натижада орадан бир неча йил ўтиб, Хонобод шаҳри ва унинг ёнбағридаги адирлар ям-яшил арчазорга айланди. Солижон ота раҳбарлик қилган даврда жуда ажойиб, ибратли одат шаклланди. Яъни семечка, қоғозли музқаймоқ каби чиқинди кўпайтирувчи маҳсулотлар сотуви тақиқланди. Чиқиндиларни ахлат қутисига эмас, ерга ташлаган, адирдаги лолаларни узган шахсга катта жарима белгиланди. Энг муҳими, хонободликлар мана шу қатъий тартибга қаттиқ риоя қилишга ўрганди.
Ҳозирда Хонобод шаҳри ва Хонтоғ адирлари юртимизнинг энг чиройли экотуризм маскани ҳисобланади. Денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган бу ҳудуд кислородга тўйинган, ионлаштирилган ҳавога бой. Яқин масофада Кампирровот сув омоборининг жойлашганлиги туфайли мунтазам енгил шабада эсиб туради. Тонг саҳарда одамлар атайлаб Хонтоққа тоза ҳаводан нафас олиш учун келади. Сабаби, бу ернинг ҳавоси нафас йўллари, асаб тизими, юрак-қон томир ва аллергик касалликларда жуда фойдали.
2019 йилда Президентимиз Хонтоғ адирларида 1000 та дала ҳовли бунёд этиш топшириғини берди. Шундан сўнг 150 гектар ер майдони дала ҳовлилар қуриш учун ажратилди. Ҳозирда 400 тадан ортиғи битказилиб, фойдаланишга топширилди. Бу билан меҳмонлар ва саёҳатчиларнинг ташрифи янада кўпайди. Сайёҳлар орасида Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва ҳатто Туркия давлатидан келган меҳмонлар ҳам учрайди. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳозирда “дача”ларга ҳафта давомида 500 нафар атрофида сайёҳ келиб-кетади. Йўллари равон, ичимлик сувидан муаммо йўқ, интернет тармоқлари яхши ишлайди. Бир-биридан шинам ва файзли уйларга, текис кўчаларга қараб, адирлик устида ҳам шундай замонавий маҳаллалар барпо қилса бўладими, дея ҳайратга тушасиз.
Хонтоғнинг гўзаллигига кўрк қўшган яна бир жиҳат, бу унинг жуда озода ва саришта эканлигидадир. Бу ҳудуддаги мусаффолик ва покизаликни бошқа жойдан тополмайсиз. Адир бўйлаб сайр қилар экансиз, биронта чиқиндига ёки супурилмаган жойга кўзингиз тушмайди. Ҳатто дарахтлари ҳам саришта ҳолга келтирилган. Шунда ўз-ўзидан “Бу ерларни ким бу даражада тоза сақлар экан?”, деган савол туғилади. Мутассадди шахсларнинг айтишича, озодаликка, аввало, хонободликларнинг ўта кучли маданияти, қолаверса, шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг ўз ишига бўлган масъулияти сабабчи экан.
Хонтоғнинг саёҳатчиларни жалб қилган машҳур обеъктларидан бири бу канатли йўл ҳисобланади. 120 ўринга мўлжалланган мазкур қурилма узоқ йиллардан буён дам олувчиларга мароқли ҳордиқ бағишлаб келади. Бундан ташқари, осмонўпар чархпалак ўрнатилган истироҳат боғи ҳам инсонга ўзгача кайфият инъом этади.
Хонтоғнинг энг кўзга кўринган нуқтаси бу Хонобод сиҳатгоҳининг биносидир. 2018 йилда қуриб, ишга туширилган 180 ўринли сиҳатгоҳдаги замонавий ландшафт юртимиздаги бошқа ҳеч қайси дам олиш масканида учрамайди. Мазкур санатория сифатли хизмати, ўзига хос манзараси, дарахтларга ва тоза ҳавога бойлиги билан ажралиб туради.
Албатта, минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал дейдилар. Шундай экан, ҳурматли ўқувчи, сиз ҳам Хонтоғга боринг, кўринг, завқланинг, табиатга маҳлиё бўлинг.
Нигора МИРОЛИМ қизи

