ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ: ЎЗБЕКИСТОН ЯНГИ РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИДА
Бахтиёржон ЖЎРАЕВ,
“Hamkorbank” АТБ Бошқаруви раиси
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат бўлиб, 2017-2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги билан аҳамиятли. Унинг учинчи йўналиши — миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларни ўзида ифодалайди.
Олдимизда турган янги вазифалар ҳақида гапиришдан аввал ортга назар ташлаш ўринли. 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясининг самарали ижро этилиши орқали иқтисодий ислоҳотларнинг юқори натижаларига эришилди. Давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсати тубдан ўзгарди. Иқтисодий ривожланиш аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга қаратилган мутлақо янги босқичга ўтди.
Ўтган беш йилликда Ўзбекистоннинг пул-кредит ва валюта соҳасидаги сиёсатида «кескин бурилиш»лар амалга оширилди. 2017 йилдан бошлаб миллий валюта курсини иқтисодиётда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифга асосан белгилаш механизми жорий қилинди. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валюталарининг сотилиши, сотиб олиниши ва тасарруф қилиниши борасидаги чекловлар бекор қилинди.
Шунингдек, аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида барча турдаги пенсиялар ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, ижтимоий тўловлар ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида амалга оширилиши жорий этилди. Ички нархларнинг барқарорлигини таъминлашда ўрта муддатли истиқболда пул-кредит сиёсати мақсадларига эришиш принцип ва механизмларини хорижий марказий банклар томонидан қўлланиладиган инфляциявий таргетлаш режимига ўтилди.
2018 йилда аҳолига банк хизматларини кўрсатишда, жумладан, валюта олди-сотди операцияларини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида, жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банкларида нақд шаклда ечиб олиш механизми жорий этилди. Тижорат банклари томонидан аҳоли гавжум жойларда, хусусан сайёҳлик зоналари, аэропортлар, вокзаллар ва бозорларда «24/7» режимида ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари ташкил этилди.
2019 йилда валютани тартибга солиш соҳасидаги илғор халқаро тажриба асосида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Унда валютани тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тизимининг ягоналиги, ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, резидентлар ва норезидентларнинг валюта операцияларига давлат органларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги каби асосий тамойиллар белгиланди. Миллий валюта «сўм»нинг мавқеини янада мустаҳкамлаш ҳамда унга бўлган ишончни кучайтириш мақсадида давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар миллий валютада ундирилиши, товар ва хизматлар учун нархлар ҳамда жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада ўрнатилиши қонун билан белгилаб қўйилди.
Банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, банк таваккалчилигини баҳолашни такомиллаштириш, тижорат банклари фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилишнинг замонавий тамойиллари ҳамда механизмларини жорий этиш мақсадида 2017–2021 йилларда илғор банк амалиёти асосида банк-молия тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари комплекси тасдиқланди. Инвестиция лойиҳалари ҳамда тадбиркорликни молиялаштиришда банкларнинг иштироки кенгайтирилди. Банк хизматларининг оммабоплигини ошириш мақсадида, чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш операцияларини амалга ошириш, халқаро тўлов карточкаларидан хорижий ҳамда миллий валютада узоқ муддатли депозитларга пул маблағларини ўтказиш имконини берувчи жисмоний шахслар ҳисобини масофадан бошқариш тизими жорий этилди.
Кредит бюросида скоринг тизими яратилиши орқали банк кредити жараёнлари оптималлаштирилди, мижозларга бевосита хизмат кўрсатиш зонасига тўсиқсиз кириш имконияти таъминланди, ортиқча фоиз, комиссия ва жарималарни ундириш тақиқланди. Кўпчилик учун маъқул бўлган кредитлар бўйича аризаларни шаффоф равишда рўйхатга олиш талаблари белгиланди.
Иқтисодиёт йўналишидаги ислоҳотлар табиий равишда бизнинг банкимизда ҳам жорий этилди. Натижада ҳамкорларимиз сафи кенгайди ва мижозларда бизга бўлган ишонч янада ортди. Бугунги кунга келиб, 31 йиллик тажриба асосида тизимдаги янгиликларни ўз вақтида амалиётда қўллашга эришилди.
Юқоридагиларнинг давоми сифатида эндиликда барча соҳаларда Тараққиёт стратегияси асосида янги давр бошланди. Айтиш мумкинки, 2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш борасида белгиланган бир қатор стратегик вазифалар амалга оширилади.
Жумладан, рақамли иктисодиётни асосий «драйвер» соҳага айлантириб, унинг ҳажмини камида 2,5 баравар ошириш кўзда тутилгани эътиборли. Шундан келиб чиқиб, иқтисодиётнинг реал сектори ҳамда молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларни рақамлаштириш даражасини 2026 йил якунига қадар 70 фоизгача ошириш режалаштирилди. Бу ўз-ўзидан ҳар биримиздан шунга мос равишда иш юритишни, ортиқча вақт ва харажатнинг олдини олишга эришишни талаб этади. Банк тизимида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳам айни шу мақсад кўзда тутилган.
Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини ошириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Беш йил давомида 120 миллиард АҚШ доллари, жумладан, 70 миллиард АҚШ доллар хорижий инвестицияларни жалб этилиши иқтисодиётда катта қадам демакдир. Натижада хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган ишлар кўлами кескин ошади, ишлаб чиқаришда ўсиш ва янги иш ўринларига йўл очилади.
Иқтисодиётда молиявий ресурсларни кўпайтириш мақсадида фонд бозори айланмасини 200 миллион АҚШ долларидан 7 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилди. Бу капитал ҳаракатини босқичма-босқич эркинлаштириш ҳамда йирик корхоналарни ва улардаги улушларни (акцияларни), шу жумладан, фонд биржаси оркали хусусийлаштириш, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк активларида хусусий сектор улушини 60 фоизгача етказишга олиб келади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда янги давр бошланди. Бу жараёнда фаол иштирок этиш билан Ўзбекистоннинг янада ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшамиз.