ГАЗЕТА ЎҚИЙДИГАН ВА ЎҚИМАЙДИГАНЛАР

Яқинда устоз журналист Хуршид Дўстмуҳаммад ижтимоий тармоқларда бугунги газета журналис­тикаси мавзусидаги чиқишида “Мен газета ўқимайман деган раҳбарлар чиқяпти…”, дея куйиниб гапирдилар. Бу албатта, маънавият оламидаги оғриқ. Одамларнинг энг яқин маънавий дўсти бўлган газетадан юз ўгиришни қўпол бўлсада саводсизлик сари қадам деб айтиш мумкин.
Бежиз бу мавзуда сўз очмадик. «Hamkor рress» газетаси ижодий ходимларининг “Газета ва газетахон” лойиҳаси доирасида жойларда ўтказаётган учрашувлари ҳам айни шу мақсадга қаратилган. Жумладан, “Hamkorbank” АТБ Ҳазорасп филиалидаги учрашувда қуйидаги фикрлар билдирилди:


Дилшодбек Абдуллаев,
филиал бошқарувчиси:
— Инсон ўқишдан тўхтаган куни фикрлашдан ҳам тўхтайди, деган гап бор. Чиндан ҳам шундай. Айниқса, бугунги ривожланиш даврида замон билан ҳамқадам бўлишнинг бирдан бир йўли ОАВ билан яқинлик. Шу маънода газета нафақат янгилик­лардан хабардорликка, балки ўз билимларимизни ошириб бориш учун ҳам жуда зарур.
Тўғри, кейинги вақтда ижтимоий тармоқларга жуда ўргандик. Тезкорлик борасида инкор этиш қийин. Шундай бўлсада газеталарни ўз ўрни бор. Шахсан мен тарбия­вий аҳамияти катта деб биламан. Қолаверса, газета орқали ишонч­ли маълумотларга эга бўламиз. «Hamkor рress»га келсак ҳар бир сонини кутиб турамиз. Дунё янгиликлари, қонунчилигимиздаги ўзгаришлар, иқтисодий ҳаёт, маънавият ва спорт олами ҳаммаси бор.

Мақсудбек Рўзимов,
корпоратив хизматлар бошлиғи-бошқарувчи ўринбосари:

— Кун давомида интернет оламида яшаймиз. Янгиликлар кўп, мавзулар ранг-баранг. Баъзан бундан одам зерикади. Шундай пайтларда қўлимга газета оламан. Кимдир газета ўқишни бошқача баҳолар, аммо мен учун бир мактаб. Кечки овқатдан сўнг оила даврасида китоб ва газета ўқишга одатланганмиз. Фарзанд­ларимни ҳам шунга ўргатаман. «Hamkor рress» газетасининг ҳар бир сонини кузатиб бораман. Айниқса, ҳамкасбларимиз фаолияти ёритил­ган саҳифалар қизиқ. Чунки сиртдан тажриба алмашишимизга имкон бу.

Севара Қутлимуродова,
касса ходими:

— Газеталарда берилаётган мақолаларни ҳаммасини ҳам ўқиб бораман, дея олмайман. Ўзим қизиққан мавзулардаги, соҳам билан боғлиқ, оила ва жамият мавзусидаги чиқишлар менга ёқади. Пазандалик борасида ҳам газеталардаги маслаҳатлардан фойдаланаман.

Бекзод Муталлибов,
Андижон-Хоразм-Андижон.