ТОШКЕНТДА 47-ФИЛИАЛ ИШ БОШЛАДИ
Жонажон диёримизда Истиқлол шукуҳи кезаётган шу кунларда “Hamkorbanк” АТБ ҳам ўзининг 31 ёшини қарши олмоқда. Мустақиллик тенгдоши саналмиш мазкур банк ўтган давр мобайнида ўзига хос синов ва машаққатларни ортда қолдириб, тараққиёт ва юксалиш йўлини босиб ўтди.
Банкнинг асосий миссияси – ишончли ҳамкор сифатида юқори сифатли ва технологик банк маҳсулотлари ҳамда хизматларини кўрсатиш орқали мижозларнинг талабларини қондириш саналади. Шу боисдан мижозлар учун энг яхши ҳамкор, ходимлар учун энг яхши иш берувчи муассаса, акциядорлар учун энг яхши сармоя манбаи бўлишга интилади.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган 46 та филиал, юздан зиёд банк хизматлари офисларига эга. Банк бўлимлари ҳамда шаҳар марказларининг аҳоли гавжум жойларида “24/7” ўз-ўзига хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда.
Қутлуғ тўйга тўёна тайёрлаш нуфузли жамоада анъанага айланган. Қўшалоқ айём арафасида пойтахтимизда банкнинг 47-филиали ўз фаолиятини бошлади. Миробод туманида иш бошлаган янги филиалнинг очилиш маросимида банк бошқарув раҳбарлари, Миробод туман ҳокимлиги, тадбиркорлар, ОАВ ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Янги филиал замонавий технологиялар билан жиҳозланган, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кенг миқёсда, сифатли банк хизматларини амалга оширади. Жамоа малакали ходимлардан ташкил топган.

Тантанани “Hamkorbanк” АТБ бошқарув раиси ўринбосари Алишер Мухторов очиб, янги филиалда мижозлар учун яратилган шароитлар, таклиф этилаётган банк хизматлари тўғрисида батафсил тўхталди. “Hamkorbanк” АТБ ташкил этилгандан буён тезкор суръатлар билан ўсиш ҳисобига ўз ўрнини доимий мустаҳкамлашга эришганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, йиллар давомида чет эл капитали иштирокидаги банк сифатида халқаро молия ташкилотлари эътиборини қозонди. Банк ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиб, уларга хизмат кўрсатишда узоқ муддатли ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойилларига асосланяпти. “Биргаликда юксалиш сари!” шиори остида фаолият юритиб келмоқда.
Миробод филиали жамоаси, шубҳасиз “Hamkorbanк”нинг салоҳияти ва нуфузини янада оширишда ўз мавқеига эга бўлади.
Наргиза ЭШОНОВА.

