БУЮК МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА

Оиламизда бир анъана бор: “Оила — Ватан ичра Ватан!”. Бу баландпарвоз гап эмас. Ҳар биримиз Ватанга муҳаббат руҳида камол топганмиз. Шу боис ҳам ўзимни ўзбек халқининг бир зарраси деб ҳисоблайман, у ҳақда ўйлаб, меҳнат қилиб яшайман.
“Hamkorbank” АТБнинг Тошкент филиалида ишлаб юрган чоғларимда пойтахт аҳолисининг дунёқараши, яшаш тарзи, фаровон турмушининг юксалаётганини кўриб ҳавас қилдим. Турли давлатлардан ташриф буюрувчилар сони кун сайин ортиб боряпти, Ўзбекистонда бизнес ҳамкорлик қилиш ниятидаги хорижликларнинг қизиқишлари юқори бўлиши мустақиллик шарофати эмас­ми?
Тенгдошларимиз халқаро фан олимпиадалари ғолиби бўлишди, спортнинг қайси турини олмайлик, жаҳон чемпионлари етишиб чиқяпти. Истиқлол даври болалари қатори мен ҳам илму заковат эгаси бўлдим. Ва амин бўлдимки, агар биз замон билан ҳамнафас яшамоқчи бўлсак, дунёдаги бошқа халқлар, бошқа миллатлардан кам бўлмасликни, аксинча, улар билан тенг, эркин, ҳамкор бўлишни истасак, дунё иқтисодиётини, техника, ўз навбатида Банк илмини ҳам ўзлаштирмоғимиз зарур.
2013 йилда Санк-Петурбург иқтисодиёт университетининг экономика факультетини, 2015 йилда эса Эдинбург бизнес мактабини тамомладим. Мана, мустақилликнинг менга берган неъмати, дунё иқтисодиёти илмини ўрганиш имкони. Касбим тақозоси билан дунёнинг кўплаб давлатларида бўляпман. Ҳеч бир мамлакат ёки шаҳарда ўз юртим жамоли акс этмайди. Гўзал табиати, тинч ва осуда ҳаёти, меҳмондўст халқимиз меҳр-муҳаббатини бермайди.
Андижондан Тошкентгача, водийдан воҳагача, Самарқанду Бухоро каби шаҳарларнинг бундан 10 йиллар олдинги ҳолатини кўз олдингизга келтиринг. Ҳозирги равон кўчалар, кўп қаватли шинам уйлар, йўллар ёқасида хушбўй ҳид таратаётган гулзорлар баҳри дилингизни очади. Такрор-такрор айтаман: барчаси Мустақиллик шарофати!
Бугун масъулият ҳиссини туймоғимиз, мана шу юрт келажаги учун астойдил меҳнат қилмоғимиз, «Мустақиллик менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватанимга нима қилдим?» деб, эртанги тараққиётга ишонч билан қарамоғимиз лозим. Зеро, эртанги кунга ишонч, фидойилик, садоқат ва изланиш буюк мақсадларга етишнинг асосий йўлидир.

Шоҳруҳ ОЛИМЖОНОВ,
Асака филиали бошқарувчи ўринбосари.