БАХТЛИ ЛАҲЗАЛАР ШУКУҲИ
Дастлаб иш фаолиятимни “Халқ банки”да бошлаганман. Ўша жойда иш ўргандим, шаклландим. “Hamkorbank” АТБ Чиноз филиалининг хизматлари халқимизга манзур. Шу ерда ишлашни орзулаб юрардим. Жорий йилнинг бошида мазкур молия муассасасига ишга кирдим. Жамоа мени яхши кутиб олди. Улар билан тез киришиб кетдим.
Энг қувончлиси айни дамда талабаман. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг банк иши йўналиши бўйича таҳсил оляпман. Касбимни севаман, ишлаш мароқли.
Тадбиркорликка қизиқардим, мини цех ташкил қилдим. Аёллар либослари тикишни йўлга қўйдим. Ҳозирда 4 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Демоқчи бўлганим, Мустақиллик туфайли хотин-қизларга кенг имкониятлар бериляпти, қўллаб-қувватланяпти. Ўзбекистон аёллари қатори мен ҳам ана шу имкониятлардан фойдаланяпман.
Ҳар гал оила даврасида ота-онам, яқинларим билан йиғилганимизда, кун давомида амалга оширган ишларимиз хусусида фикрлашамиз. Ана шунда бахтли лаҳзаларнинг шукуҳини сезаман. Мана шундай гўзал, тинч, фаровон юртда яшаётганимдан, шу Ватанга, халқимга нафим тегаётганидан мамнунман. Ахир бахт дегани ҳар бир кундан қониқиш ҳосил қилиб яшаш эмасми?!
Хуршида ЁҚУБОВА,
Чиноз филиали кадрлар билан ишлаш менежери.

