БАХТИНИ БАНКДАН ТОПГАНЛАР

“Hamkorbank” АТБда иқтидорли ёшлар кўп, бахтли жуфтликлар, оилалар талайгина. Шундайлардан бири Хаджаевлар оиласи. Улар том маънода бахтини банкдан топганлардан. Элбек Хаджаев Валюта айирбошлаш ва пул ўтказмалари бўлими 1-тоифали мутахассиси, Бикажон Султанмурадова эса ходимлар ҳисобини юритиш ва меҳнат муҳофазаси бўлими мутахассиси. Баҳорнинг илк кунларида улар таҳририятимиз меҳмони бўлишди.

Бикажон Султонмурадова 1996 йилнинг 25 сентябрида Хоразм вилояти, Урганч туманида туғилган. Урганч давлат университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган. У билан суҳбатимиз мароқли ўтди.

  • Инсонда бир ажиб туйғу борки, унинг номи ишончдир. Мен гарчи ёшим улуғ бўлмасада ишонч борасида кўп нарсаларни биладигандайман. Ота-онам илм кишилари бўлганлиги боис болалигимдан китоб ўқишни севдим, унга меҳр қўйдим. Рус ва инглиз тилларини ўргандим. Балки шундандир, ишончдек туйғу билан ошно тутинганим.

          Бикажон мулоҳаза билан фикрлайдиган аёл. Оила, рўзғор, бола тарбияси каби масъулиятларни четламаган холда банкдаги фаолиятини ҳам кам-кўстсиз бажаради. Ижодкорлиги ҳам бор-сўзларнинг ширасидан фойдаланади. Бу хоразмликларга хос лутфдир.

  • Иқтисод ва банк соҳасини танлашимга сабаб, авлодимиз вакилларининг кўпчилиги шу соҳада фаолият юритишларида. Уларга ҳавас қилдим, қизиқишларим, ўзимга бўлган ишончим устун келди. Табиийки, ота-онам ҳам мени қўллаб-қувватлашди.

2018 йилнинг февралида Урганч универсал банк хизматлари офисида амалиёт ўташга келганман ва шу жараёнининг ўзида Хоразм минтақавий БХО кадрлар бўлимига ишга қабул қилинганман. Тақдирнинг тақозоси — турмуш ўртоғим билан танишдим. Улар ўша пайтда офис касса амалиётлари бўлимида касса мудири бўлиб фаолият юритарди. 2019 йил турмуш қурдик.

Ёш оила фаолиятларини банкнинг Тошкент шаҳридаги универсал банк хизматлари офисида давом этиришди. Айни пайтда улар –Андижонда.

  • Турмуш ўртоғим нафақат банкда, балки менинг ҳаётимда ҳам амалиёт ўтаган, —дейди Элбек. —У шу қисқа вақт ичида кўнглимга кириб келди.
  • Ишингни қўй, оилада бўл, бола тарбияси билан шуғиллан, деган кунларингиз ҳам бўлганми?
  • Нега энди? У ҳаммасига улгуради.  Камчиликлари бўлиши мумкин, бу ишламасин, дегани эмас. Талабчанлигим тўғри, аммо майда нарсаларга, айниқса, тузатиб бўладиган нарсаларга эътибор қилмайман. Унинг ҳам ўз қарашлари, фикрлари бор, жамиятда ўз ўрни бўлишини хоҳлайди. Мақсад ва орзуларини ҳурмат қиламан. Ишимиз, фикримиз, қарашларимиз бирлиги ҳам ёқимли. Чаққон, ишбилармон, тиниб-тинчимас аёл. Уй ишлари, рўзғор юмушлари, бола тарбияси… қўйинки, барчасига улгуради. Бир-биримизни тушунамиз, тўлдирамиз. Тақдиримни боғлаб, адашмаган эканман. 

Тарбияли, меҳнаткаш, ўз устида ишлашни одат қилган. Астойдил киришган нарсасига эришмай қўймайди. Бу фазилатларини болаларимга сингдиришини истайман. Ҳозир Андижон миллий таомлари ва урф-одатларини ўрганишга астойдил киришган.

Табиатидаги камсуқумлик жиддийликни берсада у анчагина сўзамол экан. Мусиқа, шеъриятни хушлайдиган нафис кўнгил эгаси. Элбекнинг волидаси математика фани ўқитувчиси. Балки шу сабаб у иқтисод соҳасини танлагандир. Бироқ: “Банкда синфдош дўстим ишларди. Ишидан миннатдорлигини кўп гапирарди. Тартиб-интизомли, қатъиятлилигига ҳавас қилардим” дея изоҳлади. Унинг Андижон халқи ва шаҳри ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

  • Одам туғилиб-ўсган гўшасидан, яқинлари бағридан кетаётганда (тўғри абадий эмас) кўнглида ҳадик бўлади. Андижонликларнинг самимияти, мардлиги, ўзаро ҳурмат ана шу ҳадикка умуман имкон бермади. Улар ҳатто гўдагини ҳам сизлаб гапиришаркан. Ўзгага ёрдам қўлини чўзадиган танти инсонлари бор. Қўни-қўшниси яқинидек азиз. Девзира ошигаку гап бўлиши мумкин эмас.  

Бу бахтли оиланинг Абдулжалил исмли ўғли бор. Уни ўзлари каби банк ходими бўлишини исташади. Элбек ҳамда Бикажон ўзига яраша фазилатга ва ўз мақсадларига эга. Бу борада бир-бирларини қўллаб-қувватлашади.

Бикажон  “Инсон ўсишдан ҳеч қачон тўхтамаслиги керак. Фарзандига тўғри тарбия бериш учун аввало, замонавий билимларга эга бўлиши, жамиятда ўз ўрнини топмоғи муҳим”, деса Элбек “Эркак кишининг оилада ўрни муҳим. У қатъиятли ва тартибли, тарбиялилиги билан ибрат бўлмоғи зарур” дея фикрлайди. Не бўлганда ҳам бу улар бугуннинг ёшлари, замонавий ёшлар. Зеро, фикрлари, қарашлари муштарак: “Ота-оналаримизга, жамоадошларимизга ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. “Hamkorbank”да шаклландик, бахтимизни топдик ва келажагимизни боғладик. Фурсатдан фойдаланиб, кўкламга етказганига шукур қиламиз. Янгиланиш, яшариш фасли баҳор муборак бўлсин, кўнгиллар шодликка тўлсин”, — дейишди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.