ТИЛСИЗ ЁВНИНГ АСОРАТИ ЁМОН

Ёнғин-кўнгилсиз воқелик. Озгина эҳтиётсизлик ва лоқайдлик катта хавф-хатарга сабаб бўлиши мумкин. Статистик маълумотларга қараганда, содир бўлаётган ёнғинларнинг 35 фоизга яқини оловдан фойдаланишдаги эҳтиётсизлик натижасида рўй бермоқда. Бунга тамаки маҳсулоти чекишдан келиб чиққан ёнғинлар ҳам киради. Аксарият чекувчилар ўзларининг соғлиғига зарар етказиш билан бир қаторда эҳтиётсизликлари натижасида кўнгилсиз ҳодисаларга сабабчи бўлади.


Осойишталигимизни сақлаш, халқ хўжалиги ривожида унинг иқтисодий захираларини ёнғин офатларидан муҳофаза қилиш, моддий-товар бойликлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан жамиятда ҳар жабҳада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирларни кучайтириш ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининг асосий вазифаси. Бу энг аввало, аҳоли ўртасида кенг кўламдаги тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини кучайтириш, шу орқали ёнғинлар сонини камайтиришдан иборат. Сирдарё вилоят­ ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ушбу талаблардан келиб чиқиб, ёнғинларнинг олдини олиш борасида жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Ёнғин билан курашиш, олов аланга олган вақтда воқеа жойи­даги инсонларни қутқариш, хавфсизлигини таъминлаш соҳа вакилларидан касбига садоқатли бўлиш билан бир қаторда кучли жисмоний тайёргарлик, билим ва кўникмаларни талаб этади. Масалан, ёнишда ажралиб чиқаётган иссиқлик ёнғин ривожланишининг ва у билан бирга юзага келадиган ҳолатларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Бу иссиқлик ёниш ҳудудини ўраб турган ёнувчи ва ёнмайдиган материалларнинг қизишига сабабчи бўлади. Бунда ёнувчи материаллар ёнишга тайёрланади, сўнгра алангаланади. Ёнмайдиганлари эса парчаланади, эрийди, қурилиш конструкциялари деформацияланади ва мустаҳкамлигини йўқотади. Қурилиш механикасининг барча қоидалари асосида ҳисобланган қурилиш конструкциялари, қоида бўйича, кўп йиллар эксплуатация қилишга мўлжалланган. Лекин ёнғин шароитида улар маълум дақиқалар ичида ҳам бузилиши мумкин. Бу ўз навбатида моддий зарарнинг ортишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтганда, ёнғин кутилмаганда содир бўладиган фавқулодда ҳодиса бўлишига қарамай, уни зудлик билан бартараф этиш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш билан бир қаторда моддий талофатларни имкон қадар камайтиришда ўт ўчирувчиларнинг тажрибаси, билим ва кўникмалари муҳим аҳамият касб этади.
Қисқаси, барча масканлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг тўла таъминланиши тараққиётнинг асосий омилларидан бири. Ўрмонга ўт кетса, хўлу қуруқ баробар ёнади деганларидек, тилсиз душмандан ёшу қари бирдек азият чекади. Шундай экан, бефарқ бўлманг. Ўзингиз, оилангиз ва юртимиз тинчлигига, осуда ҳаётига ўз ҳиссангизни қўшинг.

Улуғбек Ҳусанов,
Сирдарё иссиқлик электр станцияси акциядорлик жамияти инспектори.