ИЗЛАНИШ, ЯНГИЛИКЛАР ЙЎЛИДАМИЗ
“Hamkorbank” АТБнинг 2005 йилда “Султон Марам” номи билан фаолиятини бошлаган муассасамиз йиллар давомида замонавий банк тармоғи сифатида шаклланди. 2009 йилга келиб Урганч филиалига айлантирилди. 2022 йилнинг ноябридан эса универсал БХО бўлди. Бу зиммамиздаги масъулиятни янада оширди.
Кейинги йилларда ҳар бир соҳада кузатилаётган ривожланиш ва ўзгаришлар каби давр талабига мос банк ходимларининг хизматлари ҳам ўзгарди. Жамоамиз аъзолари хизмат сифатини яхшилаш ва мижозлар билан ишлашда ўзига хос йўл тутиш лозимлигини тушуниб етдилар. Чунки фаолиятимизда салгина эътиборсизлик қилинса, молия бозорида четга чиқиб қолишимиз аниқ. Изланиш, янгиликлар ва уни амалиётга татбиқ қилиш бош мақсадимизга айланди.
Урганч шаҳри аҳолисини деярли қамраб олиш учун ҳамкасбларим анчагина тер тўкди. Боиси шаҳарда биздан бошқа яна 15 дан ортиқ банк офислари хизматлари кўрсатилади. Рақобат кучли бўлишига қарамай БХО тасарруфида бўлган 6 та банк хизматлари офисимиз бу борада кўмакчи бўлди. Айни пайтда анчагина мижозга эгамиз.
Ҳар қандай субъектнинг ютуғини жамоадаги муҳит ва малакали кадрлар белгилайди. Бу борада ҳам ҳамкасбларимнинг салоҳияти юксак. Бирдамлик ва аҳиллик эса биз учун муваффақиятлар эшиги. Бу борада улар ташаббускор, тадбиркор, бир-бирларини қўллаб-қувватлашади.
Саксон нафардан ортиқ ходими бўлган универсал БХОда кимнинг нимага қодирлиги аён. Умида Абдуллаева, Руслан Қобулов, Анвар Қутлиев, Оғабек Искандаров каби тажрибали ходимларнинг маслаҳатларига таянамиз. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида эндигина жамоага қўшилган ёшлар Нуриддин Оллашукуров, Ҳамдам Худайназаров, Қудрат Матёқубов, Умрбек Рўзметовлардан банк иши ҳамда жорий қилинган тартиб-интизомларни ўрганадилар.
Ҳар чоракда турли номинациялар бўйича муваффақиятларга эришган Урганч универсал БХО учун ўтган 2022 йил анча самарали кечди. Унинг Қоровул, Гурлан ҳамда Шарқ банк хизматлари офислари “Йилнинг энг самарали банк хизматлари офислари” дея 3-гуруҳда 2- ва 3-ўрин ғолиблари бўлишди. Шунингдек, Марказий банк Хоразм вилояти Бош бошқармаси томонидан “Hamkorbank” АТБнинг Урганч УБХОси “Экспорт салоҳиятини ривожлантириш”да энг фаол банк номинациясини қўлга киритди.
Корпоратив хизматлар бўлими ҳар вақт иш ҳажми юқори бўлган бўлим. Бу ерда темир иродали, сабрли, билимли ва изланувчан ёшлар гуруҳи шаклланган.
“Урганч Бахмал”, “Боғи Эрам Хоразм” масъулияти чекланган жамиятларининг салоҳияти нафақат республикамиз, балки, қўшни давлатларда ҳам юқори. Улар энг йирик корхоналар сифатида биз билан доимий ҳамкор. Тадбиркорликларини ривожлантиришда банкимиздан кредит олиб, янги иш ўринлари яратмоқда.
Йил сайин ортиб бораётган мижозларимиз бошқа банкларга нисбатан сифатли хизмат кўрсатаётганимизни кўп бор таъкидлашади. Уларнинг миннатдорликлари жамоамизга кайфият беради. Шу лаҳзаларда халқимиз фаровон турмуши, юртимизнинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшаётганимиздан хурсанд бўламиз. Бу туйғу нафақат менинг, ҳамкасбларим қалбида ҳам кечаётганига ишонаман.
Умаржон ЖУМАШЕВ,
Урганч универсал БХО бошқарувчиси.