НАМАНГАН ДАРВОЗАЛАРИ

Гуллар шаҳри Наманганнинг Жийдакапа қишлоғига борсангиз тадбиркорлар томонидан ясалган дарвозаларни кўришингиз мумкин. Баҳромжон Ҳакимов ҳам дарвоза устаси. У болаликдаги қизиқишлари боис бугун бу ҳунарни пухта ўрганди, мустақил уста бўлди. 2016 йилда “Дарвоза савдо” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, Шавкат Аҳмадалиев, Жунайдулла Ғуломов сингари 6 нафар йигитни ёнига олди-иш билан таъминлади. Улар бугун ўз ишининг ҳақиқий усталарига айланган. Айни пайтда уларнинг жамоаси “малакали дарвозачи”лар қаторида.
Бугунги кунда кўплаб соҳаларда рақобат бўлгани каби дарвоза ясовчи ҳунармандлар ўртасида ҳам рақобат мавжуд. Тўғри, рақобат бор жойда иш унуми ортади, маҳсулот сифати яхшиланади, ривожланиш кучаяди. Шундай ҳунармандлар қаторида қаҳрамонимиз ҳам бор. Халқимизга ишончли дарвозалар тақдим этиб, кўплаб хонадонлар кўркига кўрк бағишлаш билан банд. Улар чиройли, замонавий, кўркам, ҳар бири ўзгача тайёрлангани билан ажраб туради. Мижозлари ҳам шунга яраша-талайгина.
Корхонада темир интизом туфайли иш унумдорлиги юқори. Техникалар Хитой давлатидан келтирилган бўлсада, асосий меҳнат қуроли қўллардир. Усталар гўё халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш асносида нақшинкор безаклар ила сайқал берадилар. Бежирим кўринишдагилари юксак дид ва маҳорат ифодаси. Шунинг учун ҳам нафақат водийда, балки барча вилоятларда харидоргир. Етказиш, ўрнатиб бериш хизмати йўлга қўйилган. Айни вақтда ҳатто Қирғизистон Республикасидан ҳам буюртмалар қабул қилинаяпти. Йилига ўрта ҳисобда 120-130 та атрофида дарвоза ясалади. Бундан ташқари качели, панжара, зиналар учун тўсиқ, навес ва сўрилар ишлаб чиқариш орқали даромад 200 миллион сўмдан ортади.
Кўпдан бери “Hamkor­bank” АТБнинг Юксалиш универсал банк хизматлари офиси билан ҳамкорлик қилиб келаётган “Дарвоза савдо” МЧЖ доим унинг кўмагига таянади. Ўтган йилда корхонанинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва қўшимча захира яратиш, хом ашё сотиб олиш мақсадида банкдан 50 миллион сўм кредит олинди ва ўз вақтида тўлаб бориляпти.
Ҳамманинг чўнтаги бир хил эмас. Бироқ, барчада сифатли, бақувват ва узоқ муддат хизмат қиладиган маҳсулот олиш истаги бир. Қайсидир цехдаги усталар маҳсулотни тез тайёрлаб, дарвозани арзонроқ бўлсада кўпроқ сотишга уринса, яна бирлари узоқроқ вақт сарфласаларда сифатга эътибор қаратади. Баҳромжон Ҳакимов бу борада жуда инжиқ. Ҳар бир маҳсулот сифатини шахсан ўзи назорат қилади. Нархларини ҳам ҳамёнбоп қилиб белгилайди.
Ёз яқинлашмоқда. Кунлар исиб, одамлар соя-салқин жойлардан қўним топишади, уй-жой қуришга астойдил киришади. Демакки, Баҳромжон каби усталарнинг хизматларига талаб ҳам ортиб боради. Бу фасл ҳунармандлар меҳнат қилишлари учун авж палласи ҳисобланади. Замоннинг зайлини қа­ранг­ки, дарвоза ва сўриларнинг тури кўпайиб, кўплаб буюртмалар ҳам, маҳсулотлар ҳам интернет орқали қабул қилиниб, интернет орқали сотиляпти. Бу тезкорликни оширмоқда ва ҳунармандлар учун қулайликлар яратмоқда.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.