ҲАР БИР ИШДА ФАОЛМИЗ

Бир ҳақиқат аёнки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражасини аввало шу юрт аёлларининг маънавий савияси белгилайди.
Шавкат Мирзиёев.


Кейинги йилларда мамлака­тимиз­да кечаётган янгиланиш жараёнлари шу қадар тез бормоқдаки, буни хотин-қизларнинг иштирокисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки қайси соҳага қараманг, опа-сингилларимизнинг фаоллиги кўзга ташланади. Авваллари асосан таълим ва тиббиёт тизимида кўпчиликни ташкил этган бўлса, бугун тадбиркор, ихтирочи, раҳбар, банк ходимлари орасида ҳам катта ўрин эгаллаяпти.
Сир эмас, ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти бир қатор омиллар асосида юз беради. Бу жараёнда аёллар, уларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминланганлиги масаласи – давлатлар ривожининг ҳамда демократиянинг муҳим индекси саналади. Янгиланган Конституциямизда ҳам бу ўз ифодасини топган. Аёлларга эътибор чинакам давлат сиёсати даражасига кўтарилди, унинг ҳуқуқий ва институционал асослари тубдан такомиллаштирилди.
Албатта, эътибор ва ғамхўрлик олдинга, фаолликка бошлайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, бизнинг банкимиз­да ҳам хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилган. Бир қарашда банкда ишлаш оғирдек кўринади. Бироқ, жамоа қўллаб-қувватласа, муаммога ўрин қолмайди. Буни бизнинг УБХОда ишловчи 19 нафар хотин-қиз мисолида айтиш мумкин.
Тўғри, касбимизни ўзига яраша мураккаб томонлари бор. Бу эркаклар билан баробар аёллардан ҳам масъулият талаб этади. Биз буни тушунган ҳолда ўз вазифамизга сидқидилдан ёндошамиз. Зиммамизга қандай вазифа юкланмасин банк ходими сифатида уни бажарамиз. Бу раҳбариятни бизга бўлган ишончини оширади.

Энг намунали ходимлар ҳақида гап борганда шубҳасиз хотин-қизлар ҳам тилга олинади. Бу уларнинг фаоллиги, масъулиятлилиги ва касбига бўлган муҳаббатини кўрсатади. Шу ўринда касса амалиётлар бўлими кассири Барно Маҳмудова, чакана бизнес бўлими кичик менежери Дилафруз Комилова, маъмурият бўлими офис менежери Зебо Хўжамуротова, корпоратив хизматлар бўлими транзакцион менежерлари етакчи менежери Барно Бекчановаларни алоҳида тилга олиб ўтиш ўринли. Улар оналик, аёллик вазифаларидан ошиниб ишда ҳам бошқаларга ўрнак бўлмоқда.
Аёл бор жойда аҳиллик бўлади, барака бўлади, дейдилар. Биз бунга доим амал қиламиз. Ишдан бўш вақтларда ўтказиладиган тадбирларда фаолмиз, дам олиш кунлари пазандага айланамиз. Албатта, биз пиширган таомлар ва тайёрлаган ширинликлар тушликда жамоа дастурхонини безайди. Бу билан бир-биримизга бўлган меҳримиз ортади.


Хулоса ўрнида айтганда, респуб­ликамизда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга катта эътибор берилмоқда. Бу хотин-қизларни ҳар қандай камситишдан ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий ҳимоя қилишни таъминлайдиган асосий халқаро ҳужжатларга қўшилганида ҳам яққол кўриниб турибди.

Умида Абдуллаева,
“Hamkorbank” АТБ Урганч универсал банк хизматлари офиси маъмурият бўлими ходимлар билан ишлаш етакчи менежери.