АМАЛИЁТ ОФИСИ — БАНКНИНГ ЮРАГИ

Андижон минтақавий банк хизматлари офиси “Hamkorbank”АТБнинг тўнғич муассасаси сифатида 1991 йилдан бошлаб фаолиятда. Бежизга унга бош банкнинг юраги, дея таъриф беришмайди. Энг йирик молия ташкилоти сирасига киради ва ҳозирда энг юқори даромад берувчилар қаторида. Андижон шаҳри аҳолисининг катта қисмига ва кўплаб ташкилотларга айнан шу молия муассасаси томонидан хизмат кўрсатилади.

Банкка турли тоифадаги ва турли феъл-атворли мижозлар мурожаат қилиб келади. Уларнинг ҳар бирига юқори маданият билан хизмат кўрсатилади, таклиф билдирилади. Бу ходимларнинг бурчи ва вазифаси. Иш ҳажми эса жуда катта.

Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли замонавий хизматлар жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгайиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Эътироф этиш керакки, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш маданияти ва уларнинг банк тизимига бўлган ишончини янада ошириш борасида қатъий тартиб ўрнатилган.  Банк ходимлари аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишда жойларга бориб, ўқув машғулотлари ва семинарлар ташкил қилмоқда. Бюджет ташкилотлари — таълим ва тиббиёт муассасалари бу борада жуда фаол.

Амалиёт бошқармаси жорий йилнинг 1 апрелидан Андижон минтақавий банк хизматлари офиси дея ўзгартирилди. Ном ўзгаргани билан моҳият, хизмат турлари ўзгармаган ушбу офисда Дилмуроджон Мухторжонов, Дилшодбек Музропов, Шоятбек Маматқулов, Жамшидбек Яхшибоев каби 85 нафар ходим фаолият юритади. Уларнинг 10 нафари хотин-қизлар. Муштарий Абдусаттарова, Муқаддасхон Холматова сингари иқтисодий билимга эга, банк соҳасига қизиқадиган 10 га яқин йигит-қиз айни пайтда иш ўрганяпти.

Мурожаатлар энг кўп келадиган кредит бўлимида Сарвар Обидовдек ташаббускор ва тиниб-тинчимас менежерлар мижозлар хизматига шай.  Таъкидлаш жоизки, 2022 йил якунлари бўйича энг кўп кредит ажратган менежер сифатида чакана хизматлар бўлими ходими Иброҳимжон Ғаниев ҳамкасбларига намуна кўрсатди. Шоҳсанам Комилова универсал кассир сифатида вазифасини сидқидилдан бажаради. Айни пайтда Тошкент Молия академиясининг магистри. У иқтисодий билимларини оширишда давом этмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлар учун хизмат кўрсатиш борасида барча шароитлар яратилган ва бу борада ахборот марказлари фаолияти йўлга қўйилган. Банк биносига кириб келган ҳар бир мижозни кутиб олиб, уларни қизиқтирган саволлари бўйича дастлабки маълумотларни бериб, сўнгра  тегишли мутахассисларга йўналтириш каби хизматларни амалга оширишдан бошланади. Бу “Hamkorbank”да жорий этилган қатъий тартиб. Зеро, банк мижозлар учун хизмат қилишда давом этади.

Намунали ходимлар кўп

Ҳа, уларнинг ҳар бири иқтидорли, изланувчан. Жорий қилинган эътироф ойнасига раҳбарият томонидан фахрий ёрлиқлар тақдим этиб борамиз. Шунингдек, “Устоз-шогирд” анъанасига алоҳида эътибор қаратилади. Ҳамкасбларимизни  суҳбат чоғида ўзидан ёши катталарни ҳурмат ила “устоз” дея мурожаат қилишлари ёқимли.

Бу даргоҳнинг тарихига назар ташлар эканмиз кадрлар захирасини шакллантиришда ўз мактабини яратганлигига гувоҳ бўламиз. Илгари Амалиёт бошқармаси, бугун эса Андижон минтақавий БХО деб номланаётган муассаса кўплаб мутахассисларга “бешик” бўлганини кузатиш мумкин. Бу ердан етишиб чиққан банк ходимлари ҳозирда  универсал банк хизматлари офисларида юқори лавозимларда ишлаяпти, аксарияти раҳбарлик қиляпти. Акмалжон Маҳмудов, Шавкатбек Ҳайдаров, Улуғбек Эргашев, Фаррух Хатамов, Моҳичеҳра Хўжаевалар шулар жумласидан. Фахрланиб айтиш мумкин,  бошқарув раиси — Бахтиёржон Жўраев­ ҳам илк фаолиятини айнан мана шу жойда  бошлаган.

Дилфуза Раҳимова,

ходимлар билан ишлаш етакчи менежери.

“Ўқидинг, энди ишлашинг керак»

Бу онамнинг доимий ўгити бўлган. Иккимиз ишга киришим учун 6 ой қатнаганмиз. Ортга қайтиш, чекиниш бўлмаган. Онам оддий уй бекаси бўлсада орзулари бир олам аёл. Биз — фарзандларининг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз учун шароит­ яратиб берган.

Эсимда, Марғилон ҳисоб кредити техникумини тамомлаб, иш излаб юрган пайтларимда онам қўлимдан етаклаб мана шу банкка олиб келган ва суҳбатдан ўтишимда мотивация берган, ёнимда турган. Банкдаги илк ҳаётим мароқли – ҳеч ёдимдан чиқмайди.

2002 йил, январь. Қаҳратон қиш. Қўрғон­тепадан қатнай­ман. Кунлар қисқа. На йўл азоби ва на совуқни биламан. Хурсандлигимдан ишга шунчалар шўнғиб кетибманки, кеч қолган пайт­ларимда онамнинг хавотирини ҳам унутибман. Балки бу касбимга бўлган муҳаббатдир. Йиллар давомида бу туйғу сайқалланса сайқалландики қадрини йўқотмади. Илк маошимни олганда эса меҳнатнинг нони ширинлигини ҳис қилдим.

Банк соҳасини ўрганиш учун иқтисодий билимларимни оширишим кераклигини тушуниб етдим. 2010-2014 йилларда Андижон машинасозлик институтида таҳсил олдим. Шу ўтган вақтда масъулият­, эътибор, сабр ва меҳнат завқини туйдим.

Деярли 10 йил омонат бўлимида ишладим. Ҳозирда чакана бизнес бўлими етакчи менежериман. Дилшод Шокировдан банк сирларини ўргандим. Нигора Тешабоева, Зуҳра Каримова, Моҳичеҳра Хўжаевалар ҳам устозлик қилди, иш ўргатди. Уларнинг ўгитларига қулоқ тутиб ҳақиқий банк ходимига айландим.

Ҳаёт бир маромда ўтмас экан. Баъзан ўнқир-чўнқир йўллардан юришга тўғри келади. Бироқ, барчаси ўткинчи, меҳнат қилса, изланса, яхши яшаш, дўст орттириш имкони борлиги таскин берди. Ана шу пайт­ларда иш билан овундим. Худди оила аъзоларимдек бўлиб қолган ҳамкасбларим меҳридан куч олдим. Мана шу туйғу билан излаганларимни топдим.

Гулизро ҚОДИРОВА


Бир ойнадан хизмат


Пилот тизими дейилади. Шаҳар марказида жуда кўплаб банк хизматлари кўрсатилади ва хизмат турлари кун сайин такомиллашиб боряпти. Тизимдаги янгиланишлар ойма-ой кузатилади. Бизда ҳам янги маҳсулотлар таклифини бериб бориляпти. Масалан, масофадан туриб, яъни, банкка келмай автокредит, микроқарз ёки омонат хизматларидан (онлайн) фойдаланиш тартиби мижозлар учун қулай. Шу йилнинг апрель ойидан жорий қилинган пилот тизими мижозлар учун янада қулай, албатта. Мижознинг ҳар қандай иши шу жойнинг ўзида битади ва вақти тежалади. Масалан, нақд ёки плас­тик карта орқали тўловлар. Бу борада кассага боришга эҳтиёж қолмайди. Унда кассанинг нима кераги бор, деган савол туғилиши табиий. Катта суммадаги олди-бердилар касса амалиётида, кичик суммадаги хизматлар эса универсал менежерлари билан амалга оширилади.

Мижозлар ахборот олишда банкнинг расмий веб-сайтига бемалол боғланишлари, банк фаолиятига оид реклама тусидаги янгиликлар билан доимий танишиб боришлари мумкин. Зеро, мижоз мониторинглар орқали ҳаммасидан хабардор бўлади. Масалан, банк омонати шартномаси ёки кредит шартномаси тузил­гунга қадар банк хизматлари истеъмолчисига оғзаки тарзда банкда жорий этилган омонат турлари ҳамда банк томонидан таклиф этилаётган кредит турлари бўйича маълумотни тақдим этиш салоҳияти ҳар бир ходимда мавжуд.

Муроджон ЎРИНОВ,

чакана бизнес бўлими бошлиғи.