АНГРЕН УБХО: Юксалиш йўлида

Ижодий жамоамиз билан Ангрен универсал банк хизматлари офисида бўлиб, банк ходимлари билан яқиндан суҳбатлашдик, фаолиятлари билан танишдик.
2017 йилда “Hamkorbank” АТБнинг Ангрен универсал банк хизматлари офиси фаолиятини бошлаган кезларда мижоз жалб қилиш осон бўлмаган. Ангрен йирик саноат шаҳри. Аҳоли асосан, cаноат, қурилиш моллари ишлаб чиқариш ва савдо-сотиқ билан шуғулланади. Тадбиркорлиги саноат, логис­тика ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам бу ҳудудга тажрибали банк мутахассислари йўналтирилган ва замон талаблари даражасида шароит яратилган.
Ўз вақтида намунали хизматлар йўлга қўйилган бўлсада, ангренликлар ишончини қозониш осон бўлмади. Шунга қарамай янги жамоа изланишдан тўхтамади. Бугун унинг самараси сифатида 408 та жисмоний, 541 та юридик мақомдаги кўп йиллик ҳамкорлари бор. Шаҳарда “Hamkorbank” мавқеига эга кичик молия ташкилоти пайдо бўлди, десак муболаға эмас.
— 180 мингдан ортиқ аҳоли учун банкнинг ташкил қилиниши катта қулайликлар яратди. Логистика-юк ташиш ва етказиб бериш борасида йирик автомобиллар сотиб олиш истагидаги тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш, савдо шохобчалари ривожига ҳисса қўшяпмиз, — дейди Ангрен универсал БХО раҳбари Абдурашид Байматов.
Банкнинг бугунги салоҳияти юқори. Ҳозирда замон талаб­ларига мос ва хос молия ташкилоти сифатида ўз ўрнига эга. Айни пайтда Бунёд Эралиев, Нигора Аҳмедова, Исмоил Урманов, Шоҳида Миталова каби тажрибали ва билимли ходимлардан иборат 34 нафар йигит-қиз мижозлар хизматида.

ОМАДЛИ ХОДИМ
Кассирлик бир қарашда оддий ишга ўхшасада, масъулияти катта. Чунки пул билан боғлиқ фаолият­ жуда нозик-кишидан эътибор ва хотиржамликни талаб этади. Ҳамида Ҳамраева универсал БХО очил­ган пайтда илк фаолиятини оддий кассирликдан бошлаган. Бироқ, шу вазифа билан чекланиб қолмай, банк функцияларини астойдил ўрганди. Кейинчалик бўлимда назоратчи-кассир сифатида ишлади. Ҳозирда бўлим мудири. У ҳар бир ишни сидқидилдан бажарадиган, изланувчан ходимлардан.
Бу тизимда ишлаш осон эмас, айниқса, аёл киши учун. Бироқ, истак бўлса, ҳаракат қилинса, ҳаммасини уддасидан чиқиш мумкин. Ҳамидахон жамиятда ўз ўрнига эга аёл — уй бекаси, меҳрибон она. Касбини севади. У ишлаш билан бирга Бош офис тавсияси билан Тошкент молия институтида ҳам таҳсил олмоқда.

  • Анчадан буён олий ўқув юртига кириш истагим бор эди. Раҳбарият томонидан берилган бу имкониятдан хурсандман. Ҳамиша ёшларни қўллаб-қувватлаётгани учун ўз миннатдорлигимни билдираман, — дейди Ҳ. Ҳамраева.

БАНКНИНГ ЧАВАНДОЗИ
Алижон Абдужабборов бўлади. Уни бекорга “чавандоз” дея атамадик. Чунки жуда чабдаст йигит. Спортнинг дзюдо тури ва от спортига қизиқади. Ўзи ҳам улоқ чопади. Отаси Абдуҳошим ака от миниш ва парваришлашни ёқтиргани боис оиланинг икки ўғли Алижон ва Аббосжонлар ҳам бунга одатланган. Миллий ўйинларимиздан бири бўлган кўпкари учун улоқчи отларни парваришлаш бу оиланинг анъанаси.
Тулпор билан ошно тутинган Алижон ўзини шунинг учун ҳам омадли йигитлардан деб билади. Отни севган ва от билан дўст тутинган инсоннинг муроди ҳосил бўлишини кўп бор эшитганда. “Нега банк соҳасини танладингиз, моҳир чавандоз бўлишингиз мумкин экан-ку?” деган сўзларимизга эътироз билдирганча шундай деди:
— Мақтанишга йўймангу чавандоз бўлишим аниқ эди. Бироқ, дадам доим “жамиятга керакли инсон бўлиб яшанг­лар” деб айтадилар ва ўзлари бу борада бизга ибрат бўлади. Менга падаримнинг шу сўзлари кифоя. Халқимизга кўмагим тегяптию…
У меҳнатни севади, доим ўқиб, изланишдан тўхтамайди. Ҳар бир топшириқ, ҳар қандай вазифани чин кўнгилдан бажаргани учун ҳам муваффақиятларга эришаётганини таъкидлаган қаҳрамонимиз ўтган йил якуни бўйича энг кўп кредит ажратган ходим сифатида эътироф этилган.
Алижон ёш бўлсада, таваккалчироқ. Мижозларни жалб қилишда хушмуомалалик ва иқтисодий билимларга таянади. Чакана бизнес бўлими менежери сифатида истеъмол кредит ажратишда ўзига хос йўл тутади. У билан от мавзуси, банк иши тўғрисида суҳбатлашиш мароқли. Бироқ, ҳафта боши бўлгани сабаб мижозлари кўп экан, уларнинг вақтини ортиқча олиб туришни ножоиз деб ўйладик. УБХО раҳбари Алижонни айни пайтда янги бир лавозимга ўтиш арафасида эканлигини таъкидлади. Бу ёқимли хабар, албатта. Унинг ишларига омад ва муваффақиятлар тиладик.

Саҳифа муаллифи Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.
Абдували Кабиров олган суратлар.