МИЖОЗЛАР ИШОНЧИ ОРТМОҚДА

2005 йил Урганч туманида “Hamkorbank” АТБнинг “Султан Марам” филиали фаолият бошлади.  2009 йилда Урганч филиали номини олди ва бугунги кунга қадар фуқароларнинг энг яқин молиявий кўмакчиси сифатида хизмат кўрсатиб келяпти.

Ҳозирда Урганч универсал банк хизматлари офиси деб аталувчи ушбу молия ташкилоти 4 мингга яқин мижозга сифатли хизмат кўрсатяпти. Билимли ва ташаббускор ёшлардан иборат 90 нафар ходимнинг 23 нафари аёллар. Бошқарувчи сифатида ўрнак бўлаётган Умаржон Жумашовнинг Достонбек Ибодуллаев, Руслан Қабулов сингари сидқидилдан хизмат қилаётган ҳамкасблари аҳолига кредитлар ажратиш ва чакана хизматларни амалга оширишда намуна кўрсатишяпти. Улар қаторида кадрлар билан ишлаш бўлими менежери Умида Абдуллаева ҳам бор. Банкнинг фаол ходимлари Бош банк томонидан рағбатлантирилиб, Миср давлатида саёҳатда бўлдилар.

Рағбат бор жойда иш унуми ҳам ортади. Ҳар ой якунига кўра ходимлар номоддий рағбатлантирилади ва ўз вақтида дастурга киритиб борилади.

— Жорий йилнинг 1-чорак якунлари бўйича 2-ўрин ғолиби дипломи билан тақдирланган эдик. Олти ойлик ҳам биз урганч­ликлар учун муваффақиятли якунланди. Кичик бизнес субъектларига берилган кредитлар,  микрокредитлар ва истеъмол кредитлари ўстириш режасини ортиғи билан бажариш асносида умумий кредит қўйилмаларини 236 фоизга ўстиришга эришдик, -дейди бошқарувчи.

Бу борада логистика фаолияти билан шуғулланувчи ВИП мижоз “Боғи Эрам” масъулияти чекланган жамиятининг алоҳида ҳиссаси бор. Бу МЧЖ нафақат Хоразм вилояти, балки, бутун респуб­ликада етакчи логистика корхонаси ҳисобланади.

— Молиявий кўмакчимиз-Урганч универсал БХО томонидан берилган кредит маблағи эвазига фаолиятимизни ривожлантирдик, иқтисодий бақувват корхонага айландик, — дейди МЧЖ раҳбари Ғайрат Каримов.

 “Бахмал” МЧЖ ҳам йирик мижозлардан ҳисобланади. Гулли матолар ишлаб чиқарувчи ушбу текстиль корхонаси банк ходимларининг хизматидан мамнун. Яқинда “SAMEGA” МЧЖ ҳам улар қаторига қўшилди.  Ўсимлик (пахта) ёғи ишлаб чиқаришга йўналтирилган бу корхона янги иш ўринлари яратиш ҳаракатида.

— Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ишлаймиз. Ҳар бир хонадонга кириб бориб, замонавий банк хизматлари ва мавжуд имкониятларимизни жамоатчиликка етказяпмиз. Бу ўз-ўзидан мижозларни банкимизга бўлган ишончини оширяпти, -дея сўзини давом эттирди Умаржон Жумашов.

Йилнинг 6 ойи давомида 47 миллиард сўм молиявий кўмак берилди. Натижада кўплаб вақтинча ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Улар орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Банк муассасасида “устоз-шогирд” анъанаси шаклланган. Билимли, иқтидорли, малакали ходимлар фаолиятлари давомида ўрганганларини янги иш бошлаганларга ўргатишади.  Корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи ўринбосари Нуриддин Оллашукуров, етакчи менежер Ҳамдам Худайназаров, чакана бизнес бўлими етак­чи менежерлари Қудрат Матяқубов, Умрбек Рўзметовлар устоз мақомига эга.

Н. Тўрақулова.