ЭЪТИБОР ВА САМАРА

Фарҳод МАҲСУДОВ,
Қувасой универсал банк хизматлар офиси бошқарувчиси.
Бизнинг универсал банк хизматлари офисимиз 2003 йилнинг августида ўз фаолиятини бошлаган. Бугун уни айни куч-ғайрати тошаётган навқирон инсонга мегзаш мумкин. Эришаётган ютуқларимиз ҳам шунга мос. Жамоамизда юқоридаги таърифга асос бўлувчи кўп жиҳатлар мужассам.
Дастлаб атиги 10 нафар ходим билан хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Кадрларни танлашга алоҳида эътибор қаратилиб, Бош банк кўмаги билан билимли, салоҳиятли ва тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда мустаҳкам иш ташкил қилингани боис жуда тез қувасойликларнинг ҳурматини қозонишга эришдик. Биринчи мижоз, биринчи молиявий кўмак…, ҳаммаси байрамга айланган. Бу осон бўлмади, албатта.
Йиллар давомида қилинган меҳнат ва изланишлар самараси ўлароқ бугунги салоҳиятли даражага етдик. Қувасойда “Hamkorbank”нинг имижи яратилдики, бунда 80 нафар ҳамкасбимнинг барчасини ҳиссаси бор. Фахр билан айтиш мумкин, биз қудратли жамоага, юртимиз келажаги, равнақи учун хизмат қиладиган катта кучга айландик.
Банкимиз томонидан бугунги кунда юридик шахсларга 25 дан зиёд, жисмоний шахсларга 16 дан зиёд банк маҳсулотлари ва хизматлари кўрсатилмоқда. Ўтган давр биз учун тарихий, машаққатли ҳамда шарафли бўлди. Иқтисодий ўзгаришлар, банк тизимини ривожлантириш, социал масалалар ечимини топиш, аҳоли фаровонлигини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишни асосий вазифамиз деб билдик. Бу йўлда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, инвестициялар жалб этиш каби бир қатор устувор молиявий муносабатларга доим эътибор қаратилди.
Муваффақиятларимиз мақтанишга арзирли, кўрсаткичларимиз юқори. Молия муассасалари орасида ўз ўрнимизга эгамиз. Кун сайин мижозлар сони ортиб бормоқда. Бироқ мен ҳодимларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоялаш ва касбий маҳоратини ошириш йўлида самарали ишлар амалга оширилаётганини ҳам таъкидлашни истардим. Чунки ҳар қандай ютуқ улар билан.
Ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириш, маънавияти юқори, маданияти юксак бўлиши учун барча шароитлар яратилган. Масалан, тушлик учун ошхона, спорт билан шуғулланишлари учун спорт заллари мавжуд. Озгина бўш вақти бўлган ходим ўз саломатлиги учун спорт билан шуғулланади. Имкон қадар яратилган шароитлар ва берилган имкониятлардан оқилона фойдаланилади. Ва жуда аҳил — бир-бирларини эъзозлашади, ҳурмат қилишади. Иқтидорли ва билимли ёшлар ҳамма вақт эътиборимизда. Фахрийларни эъзозлаш, ижтимоий ва маънавий йўқлаш, тажрибаларини ўзлаштириш, маслаҳатларини олиш инсоний бурчимиз.
Бош банк томонидан ўтказиладиган турли танловларда ходимларимиз доим фаол қатнашадилар. Касаба уюшмалари қўмитаси томонидан ташкилланадиган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик – танловида иқтидорли ёшларимиз ғолиблар қаторидан ўрин олаётгани биз учун шараф. Бундай тадбирлар иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий билимлари ва нутқий маданиятини оширишга хизмат қиляпти.
Банк ходими бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Бу унинг ишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Шу сабаб ҳар бир ходим эътиборда.
БАЙРАМЛАР КЎП БЎЛСИН!
Дилором НУРИДДИНОВА,
УБХО универсал кассири.
Мени бундан 20 йил аввал банк раҳбарияти ишга қабул қилганди. Иш фаолиятимни кадрлар менежерлигидан бошлаганман. Касса мудираси бўлиб ҳам ишладим. Ҳозирги бошқарувчимиз Фарҳоджон Маҳсудов банкдаги фаолиятининг илк вақтида шогирдим бўлган. У жуда тиришқоқ эди. Ўқишни, меҳнатни севарди. Бемалол айта олишим мумкин: банкда иш бошлаган ҳар бир мутахассиснинг ҳужжатини кадр ходими сифатида ўзим қабул қилганман. Бу, албатта, мен учун фахр.
Дарахт бир жойда кўкаради, деб бежиз айтишмас экан. Шу банкда ишлаб ҳурмат топдим. Ҳалол ризқ билан 5 фарзандни ўстирдик, ўқитдик. Уй-жой қуриш, оилавий харажатларни қоплаш, тўй-томошалар қилишни ўзи бўлмайди. “Hamkorbank” нафақат мени қадр топишим, униб-ўсишим, бахтли лаҳзаларни яратишимда асос бўлди, балки, дилбандларимни тўкин ва тўкис яшашлари учун замин яратди.
Ҳозирда уч нафар келиним бор. Тўнғичимиз Муҳаммадсаиджон Бош банкда халқаро пластиклар бўлими бошлиғи. Банк ўғлим ва келиним Азизахонларнинг тақдирини бирлаштирди. Азизахон Фарғона минтақавий банк хизматлари офисида ишлаб юрган кезларида хонадонимизга келин бўлиб тушди. Ҳозирда улар бир-бирларини тушунишади, қўллаб-қувватлайди.
Оиламизда якдиллик, бирдамлик бор. Яқинда Фарғона шаҳри марказидан намунавий уйлардан бирини сотиб олдик. Фарзандларимни ҳаммаси ўз йўлларини топишган-эл хизматига ярайдиган инсонлар.
Айни пайтда нафақада бўлсамда, фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Универсал кассир сифатида ишлаяпман. “Hamkorbank”нинг 32 йиллиги арафасида бизни УБХО 20 ёшга тўлди. Бу шарафли йўлни босиб ўтиш, бугунгидек гуллаб-яшнаши учун қанчадан-қанча фидойи инсонлар заҳмати, меҳнати кетди. Уларни борлиги учун ҳам муваффақиятлари бисёр. Бахтлиман, севимли жамоам бор. Байрамлар кўпаяверсин, биз банк ходимлари юртимиз келажаги учун ҳиссамизни қўшаверайлик.
ҲАМКОРЛИГИМИЗ МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
Афзалбек РАСУЛОВ,
“Қувасой фортуна” хусусий корхонаси раҳбари.
Тадбиркорлик билан ёшлигимдан шуғулланаман. Дастлаб чакана савдо қилиб юрдим. 2006 йилда “Қувасой фортуна” хусусий корхонасини ташкил этиш билан фаолиятимни кенгайтирдим. Асосан қурилиш материаллари улгуржа савдоси билан шуғулланишни бошладим. Ўша пайтда “Hamkorbank” АТБнинг Қувасой филиали сифатида эндигина очилган даврлар эди. Банкнинг илк мижози сифатида ҳисобрақамимизни шу ерда шакллантирдик. Балки шундан бўлса керак банкка ҳурматим ўзгача.
Корхонамиз тармоғини 2011 йилдан бошлаб логистика хизматлари билан кенгайтирдик. Дастлабки юк ташиш автомашиналарини сотиб олишда банк кўмагига таяндим. Хорижий давлатдан 2 та юк машинаси сотиб олдик. Ҳар қандай янги иш бирдан самара бермайди. Тўғриси, бу машиналар камлик қилди ва 2018-2022 йилларда яна шундай машиналарни банк ёрдамида келтирдик. Ҳозир корхонамиз анчайин иқтисодий салоҳиятга эга. Бир неча бор олинган кредитлар ва пул ўтказмаларидаги намунали ҳаракатлар асносида ҳамкорлигимиз ва бир-биримизга бўлган ишонч ортиб боряпти.
Зокиржон Абдужалилов, Дилмуроджон Зайлобитдинов, Дилдорахон Тўйчиева ва Нафисахон Тошматова сингари фидойи банк ходимлари борки, хушмуомала, ўз ишларини сидқидилдан бажариб мижозлар ҳурматига сазовор бўлишяпти. Омонат бўлими ходими сифатида Мавлудахон Дадажонова анча тажрибали. Унинг ёрдамида пул ўтказмаларида муаммо бўлмайди.
Қувасойда турли банклар хизмати жорий қилинган. Уларнинг ҳам ўз мижозлари бор, албатта. Бироқ “Hamkorbank” бу борада анчайин илғор. Ходимлари изланувчан, ташаббускор, асосийси юқорида айтганимдек хушмуомалали. Шу сабаб аксарият мижозлар шу банкни танламоқда.
Саҳифа муаллифи Нилуфар Йўлдошева.

