БАНКНИНГ БАРАКАСИ БОР

Хизмат юзасидан “Hamkorbank” АТБнинг жойлардаги муассасаларида бўлганда доим бизни қувонтирадиган бир жиҳат бор: ходимларнинг ўз вазифасидан мамнунлиги, иш жойига бўлган ҳурмати. Бу бежиз эмас, албатта. Бош банк томонидан ходимлар доим эътиборда, меҳнатнинг рағбати асосий шартга айланган. Жамоага қўшилган инсон борки, бошқа ҳаёт ҳақида ўйламайди.
Янгийўл универсал банк хизматлари офиси иш фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур молия муассасасида бўлдик. Банк бошқарувчиси Олимжон Ғаниев мақсадимизни билиб, қувонди. Ва кадрларга бўлган эътибор, эришилаётган ютуқлар ҳақида фахрланиб гапирди.


— Шу банк тизимида ишлаш асносида бир нарсага амин бўлдим. 23 йил аввал ишга таклиф қилинганимда банк раҳбари Икромжон Ибрагимов қабулидаги суҳбат кечагидек ёдимда. Банк ходими қандай бўлиши керак, ташаббус ва ташкилотчилик, мижозга ҳурмат, муомала маданияти борасида шундай тушунчага эга бўлгандимки, иш фаолиятимда буларнинг ҳаммаси мен учун темир қоидага айланди. Биринчи қадамни Амалиёт бошқармасида ташлаганман. Ҳисобчилигим сабаб бунга қадар ҳам банкда кўп бўлганман, унинг ҳаёти билан танишман. Бироқ бу етарли бўлмади. Масъулият катта юк эканини шунда тушуниб етдим.


Албатта, банкда шаклланган “Устоз-шогирд” мактабида билмаганларимни ўргандим. Дилфуза Қодирова, Ҳамидилло Йўлдошев (марҳум), Ҳамидилло Эргашев, Фарида Сиддиқова, Абдумутал Парпиев, каби тажрибали устозлар йўл кўрсатди. Сира афсусланмайман, касб ва иш жойи танлашда адашмаган эканман. Оддий иш ўрганувчиликдан раҳбарлик даражасига кўтарилдим. Бир қатор муассасаларда масъул вазифаларда фаолият юритдим, Қўқон, Яккасарой ва Авиасозликда раҳбарлик қилдим. Айни вақтда Янгийўл жамоасига бошчилик қиляпман.


Рақамлар, бажарилаётган ишларга кўп тўхталиш мумкин. Аслида ҳаммаси ҳамкасблар билан. Ишимиз­да ҳалоллик, муомала маданияти, изланиш ва мижозга ҳурмат ҳамма нарсадан устун. Буларсиз натижага эришиш қийин. Ходимларга ҳам эринмай тушунтираман, янги келганларга эътибор билан қарайман. Бугун устоз даражасига етган Адҳам Абдувалиев, Музаффар Оромиддинов, Камолхон Абдураҳимов, Дилфуза Шукурова ва Зуҳра Бобожоновалар мактаби ёшларимизга сабоқ бўлмоқда. Ўз ишини билган ва масъулиятли ходимдан яхши натижа кутиш мумкин.


Тўғри, 2022 йил бошида жамоага раҳбар этиб тайинланганимда бу жойдаги муҳит анчайин оғир эди. Энг қийини айримларда шахсий манфаат ишдан устун турарди ва кадрлар қўнимсизлиги бориди. Бош банк кўмаги билан айни шу оғриқли нуқталарга қарши курашдик. Жамоани ўзини чинакам банк ходими, деб билувчи ёшлар билан бойитдик. Натижалар тўғри йўлдан бораётганимизни кўрсатмоқда. 9 ойлик якуни ҳозирданоқ бизни қувонтиряпти, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилади деган ишонч бор.
Мижозлар бизнинг қанотимиз. Сифатли хизмат кўрсатиш эса фаолиятимиз асосини ташкил этади. Кун сайин улар сони ортиб бормоқда. “Rg-invest”, “Great Road Logistics”, “Asia Auto-Plus”, “Matgo Trans Logistic”, “Farangir” масъулияти чекланган жамият­лари каби ҳамкорлар хизматимиздан мамнун. Молиявий кўмагимиз билан янги лойиҳалар амалга ошяпти. Бу ўз ўрнида иқтисодий ўсиш, даромад ва аҳоли бандлиги дегани.


Ортга қараб туриб, шундай хулосага келдим: “Hamkorbank” АТБда барака бор. Барака бўлганда ҳам баланд барака. Сидқидилдан хизмат қилган ходим кам бўлмайди, меҳнатлари қадрланади. Рағбат борасида қанча гапирсак кам. Бу бизни доим олдинга бошлайди.
Акбаржон Назаров,
Андижон-Янгийўл-Андижон.
Бекзод Муталлибов олган суратлар