ЗАМОНАВИЙ ХИЗМАТ ВА ЭЪТИБОР САМАРАСИ

Кейинги йилларда тиббиётда хусусий секторга имконият берил­гани рақобат ва сифатни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Бу аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш баробарида қатор имкониятларга йўл очди. Сурхондарёда бу борада сезиларли ишлар амалга оширилмоқдаки, бундан фуқаролар хурсанд.

Денов тумани марказидаги “EUROMED” соғломлаштириш клиникаси 2016 йилда фойдаланишга топширилган. “Денов Диёрбек транс” МЧЖ лойиҳа ташаббускори бўлди. Дастлаб 50 ўринли даволаш муассасаси сифатида ташкил этилган клиникада қисқа вақтда замонавий ташхис ва муолажа хизматлари йўлга қўйилди. Бунинг учун хорижий давлатлардан замонавий ускуналар келтирилди. Натижада 170 стационар ўринга эга шифохонада мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш бошланди.
— Чиндан ҳам аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишда нодавлат даволаш муассасаларининг ўрни ошиб бормоқда, — дейди МЧЖ раҳбари Маҳбуба Мирзаева. — Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар беморларга замонавий технологиялар асосида хизмат кўрсатиш, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб, пойтахтдаги клиникаларга бормасликлари учун ҳудудларда даволаш масканлари фаолиятини яхшилаш­га катта эътибор қаратилмоқда. Бу биз учун ҳам асосий шарт­га айланган. Ҳозирда 18 турдаги касаллик­ларни даволаш имконияти мавжуд. Шифокорларимиз ёш бўлишига қарамай аксарияти хориж­да малака оширган. 2024 йилдан юрак жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказишни режалаштиряпмиз.
Тадбиркор бош бўлган жойда ривожланиш бўлади. Мазкур клиниканинг кенгайиб бораётгани, ходимларга бўлган эътибор, яратилган қулайликлар ва беморларга муносабат бунинг тасдиғи. Даволанувчилар орасида Деновдан ташқари Узун, Бойсун, Шўрчи ва Сариосиё туманларида яшовчилар ҳам бор. Асосийси, тўлов масаласида имтиёзлар мавжуд. “Темир дафтар”да турувчиларга жарроҳлик амалиёти бепул. Жорий йилда 25 нафар бемор бундай имкониятдан фойдаланиб, саломатлигини тиклади.


— Шифокорларимиз бор бўлсин, — дейди тумандаги «Эзгу мақсад» МФЙда яшовчи кекса отахон Карим Назаров. — Хушмуомалалик билан кутиб олишганда уларга ишончингиз ортади. Даволашда ҳам сизга ҳудди ўз отаси ёки онасидек қарайди. Учинчи бор даволанишим, ҳаммаси шифохона ҳисобидан.
Бундай дил сўзларини бошқа беморлардан ҳам эшитдик. Билдикки, клиника чинакам даво масканига айланган. Давлатбек Жумаев, Шаҳло Бойсариева, Бекзод Хўжамуродов каби тажрибали шифокорлар хизматидан барча мамнун.
Клиника фаолияти янада ривожланиши учун янги қурилишлар, ҳамкорлик шартномалари ва айни вақтда 5 нафар ёш ходимнинг хорижий давлатларда малака ошираётгани қувонарли.

Н.Эшонова.

Б. Муталлибов олган суратлар.