«HAMKORBANK» ДОИМ КЎМАКДА

Олмалиқлик тадбиркор Одинахон Ботиралиева савдо-сотиқни яхши тушунади. У ишбилармонликнинг машаққатию заҳматида пишди. Ҳар бир ютуғи, эришган муваффақиятлари замирида қилган меҳнатлари ётади. Акаси ва икки укаси уни қўллаб-қувватлаб, доимо ёнида. Оиланинг катта-кичиги тадбиркорлик борасида ота-онасидан олган ибрат ҳаётда ўз ифодасини кўрсатаётганининг ўзи бир мактаб. Дарҳақиқат, бу соҳа барчанинг турмушини безашига шубҳа йўқ. Айниқса, аёл тадбиркор уддабурон бўлса, бунинг хосияти янада ортади.

— Коллежда юридик йўналишда таҳсил олганман, — дейди Одинахон. — Аёлларнинг имконсиз қолиши, ўзганинг қўлига қараб қийналиши, нимагадир зориқиб яшаши… буларни умуман қабул қилолмайман. Кимгадир мустар бўлишни истамайман. Қўллаб-қувватлайдиган ота-онам, жигарларим бор. Демак, бу имкониятлардан фойдаланишим, изланишим керак. Мана шу тушунча билан яшайман. Тўғри, ҳаётда ҳар хил ҳолат бўлади. Қўлида ҳунари, ишлай деса иши бўлмаслиги мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам тан-жони соғ одам ўз эҳтиёжини ўзи қондириши, бировнинг қўлига қараб қолмаслиги керак.
Ота-она фарзанднинг жисмоний, маънавий-руҳий жиҳатдан етук шахс бўлиб шаклланишига замин яратади. Тадбиркорлик билан тежамкорлик ўзаро боғлиқ, бир-бирини тўлдиргани каби Одинахон бу борадаги илк сабоқни ўз оиласидан олди. Ботиралиевлар оиласи аъзолари изланишда. Уларнинг ҳар бири янги ғоялар топиб, янгиликлар яратишга интилади ва рўзғор хазинасини бойитиш баробарида эл-юртга хизмат қилишади.
Ҳозирда Олмалиқ шаҳрининг марказида ўнлаб супермар­кету ошхоналари бўлган Одинахон Ботиралиева “Гемини маркет бизнес” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, халқ хизматига астойдил бел боғлаган. Ҳамкоримизнинг режалари билан қизиқдик.
— Режаларимни амалга ошириш учун маблағ зарур пайт­да сизлардан, яъни “Hamkorbank” АТБ Олмалиқ универсал банк хизматлари офисидан олти бор кўмак олдик. Маблағларни савдо-сотиқни ривожлантириш, кенгайтириш ва товар айланмаларида янгилик­лар қилишга сарфладик. Шу ой бошида берилган 1 миллиард 500 минг сўм кредит эвазига фаолиятимизни янада кенгайтир­япмиз.
Халқимиз азалдан рўзғорнинг ободлигини ҳалол меҳнатда, деб билган. Бу фикрни фарзандларига сингдириб келаётган ота-она уларни дуо қилишда давом этади. Зеро, “ота билимли бўлса, фарзанд билимли бўлади, она билимли бўлса, миллат билимли бўлади”, деган нақл уларнинг қалбига зуҳрланган.
Йилига 15 миллиард сўмгача айланма маблағга эга оилавий тадбиркорлар хайрли ишларни амалга оширишда инсоний фазилатларга таянади. Олмалиқ кўзи ожизлар жамияти, кам таъминланган оила ёхуд муҳтож хонадонларга тез-тез кириб боришади. Бу борада оила бошлиғи Маҳмуджон ака Мадалиев фарзандларига ҳамиша бош-қош.
— Дилбандларим ёнма-ён ишлаб, мамлакат ривожига ҳисса қўшиш баробарида, рўзғор кам-кўстини бутлашяпти. Янги иш ўринлари яратиш орқали халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига ҳисса қўшишябди. Бундан хурсандман, — дейди ота.
Азизбек ҚУРБОНОВ,
Олмалиқ УБХО КХБ бошлиғи.