“ПУЛЛАРНИ БАНК ИШЛАБ ЧИҚАРАДИ…”
Суҳбатдошимиз — “Hamkorbank” АТБ Термиз минтақавий банк хизматлари офиси Бэк офис бошлиғи Марина Верхових. У бугун соҳанинг катта тажрибага эга мутахассисларидан бири. Бу даражага етишгунча ўзига хос ҳаёт йўлини босиб ўтди.
Марина Верхових:
1976 йилда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида туғилган.
1996 йилда Марғилон ҳисоб-кредит техникумини, 2009 йилда Термиз давлат университетини тамомлаган. Мутахассислиги — банк иши. Иқтисодиёт (тармоқлар бўйича).
1994-2000 йилларда Марказий банк Сурхондарё вилояти бошқармасида ишлаган.
2000-2003 йиллар Сурхондарё вилояти, Қизириқ тумани “Сурхонйўл” МЧЖ бухгалтери.
2003 йилдан “Hamkorbank” АТБ Термиз минтақавий БХОда меҳнат қилиб келяпти.
— Марина Александровна, ҳадемай “Hamkorbank” АТБ тизимида ишлаётганингизга 20 йил тўлади. Оддийгина МЧЖда бухгалтерлик қилаётган ёш мутахассиснинг кутилмаганда нуфузли банкда иш бошлаши эътиборни тортади. Лавозимингиз ҳам чакки эмас эди: хорижий валюталар билан ишлаш сектори ВАШ ғазначиси. Бу қандай рўй берган?
— Банк соҳасида ишлашни мактаб давридан орзу қилардим. Чунки онам собиқ “Госбанк”, кейин “Пахтабанк” тизимида ишларди. Ишдан қайтганларида – оилавий суҳбатларда банкдаги ишлар, мижозлар билан мулоқотлар ҳақида гапириб берар эди. Буни менга таъсири катта бўлган, албатта. 1994 йил Марказий банк Сурхондарё вилояти бош бошқармасида иш бошладим. Бу ерда банк соҳасига қизиқишим ортиб борди. Мижозлар билан ишлаш истаги пайдо бўлди. “Ҳамкорбанк” Термиз филиали очилганини эшитиб, ўзимни синаб кўриш учун бу ерга келдим. Ғ.Жумаев бошқарувчи эди, яхши кутиб олди. Тавсиясига кўра хорижий валюталар билан ишлаш сектори ВАШ ғазначиси лавозимига қабул қилиндим, кейин фронт офис менежери, 1-тоифали менежери бўлдим.
— Банк соҳасида ишлашингизда онангиз қай даражада кўмак берган?
— Табийки, ишлаш ва ўқиб мутахассис бўлиб етишишимда онамнинг кўмаклари катта. Қандай натижага эришган бўлсам волидам туфайли. У кишидан бир умр миннатдорман. Уйда банк ҳужжатлари юритилиши ва уларнинг айланиши, банк назорати ҳақида кўп сўзлаб берарди. Бу, мен учун бебаҳо тажриба мактаби эди.
Биласизми, ёшлигимда пулларни банк ишлаб чиқаради, деб ўйлар эдим. Улғайгач, ҳаммаси бошқача эканлигини англаб етдим. Хизмат кўрсатиш, кредит ажратиш орқали ўз пулларини топишига, ишлаш даврида бухгалтерия ва кредит соҳасига қизиқишим ортиб борди. Молиявий саводхонлигим ривожланишига, шу тизим бўлимларига ўқишимга онамнинг қўллаб-қувватлашлари самарасида эришдим.
— “Инглиз тилида яхши, ўзбек тилида эркин сўзлаша олади”. Сизни яқиндан билганлар доим шундай дейишади. Дарҳақиқат, тил билганга дунё кенг. Ўзбек тилини қай тарзда ўргангансиз? Миллий урф-одатларимизнинг қай жиҳатлари сиз учун қизиқарли?
— Ўзбек тилини асосан мактаб давридан ўрганиб борганман. Синфдошларим ҳамда маҳалладош қўшниларимиз ўзбеклар эди. Улар билан оддий мулоқот орқали тилни яхши ўрганиб олдим. Иш фаолиятимда бу жуда қўл келяпти. Мижозлар ташқи кўринишимга қараб рус тилида гапиришга уринишади. Аммо мен уларни мурожаат қилишга қийинчилик сезмасликлари учун биринчи бўлиб “Ассалому алайкум! Келинг, нима хизмат?” деб аввал ўзим муомалага киришаман. “Опа бемалол ўзбек тилини тушунар экан”, деган қувонч уларнинг юз-кўзларида пайдо бўлади. Буни кўриб ўзимни бахтиёр сезаман. Маҳаллий муҳит таъсири остида, иш жараёнида тилни яхши ўзлаштирдим. Сурхон юртида туғилиб, вояга етганим учун ўзбек миллий урф-одатларини қадрлайман, улар менга ёқади. Ҳар бирида яхшилик, эзгулик, улуғ ниятлар мужассам. Ўзбеклар жуда мулойим халқ. Бундай халқ билан ҳамнафас бўлиш катта бахт.
— Бир кам дунё дейдилар. Болаликдаги, ёшликдаги орзуларингизнинг ҳаммаси ушалдими? Ёки…
— Инсон орзусиз, мақсадсиз яшамайди. Ҳар кимнинг ўз нияти бор. Болаликдаги орзуларим барчаси ушалди дейман. Фаровон, осойишта юртда, яхши одамлар орасида яшаяпман, севган соҳамда ишлаяпман. Оилам тинч-тотув… — хуллас, бахтлиман.
— Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз? Ишдан ташқари нималарга қизиқасиз?
— Бўш вақтимни асосан оила даврасида ўтказаман. Ширин таомлар тайёрлаш, тикиш билан шуғулланишни яхши кўраман. Булар менга завқ ва роҳат бағишлайди.
Суҳбатдош: Ҳ. ТОҲИРОВ