ХЎЖАОБОД ЧЕВАРЛАРИДАН ХОРИЖГА
Туманимиз Андижон вилоятининг саноатлашган ҳудудларидан бири бўлиб, трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланган. Бу йўналишда ишлаш биз учун осон. Сабаби турдош корхоналар, яъни, ип йигирув корхоналарининг кўплигидир. Матони тўқиш, бўяшда муаммо йўқ. Чунки қўшимча кийим-кечак учун аксессуарлар ишлаб чиқариш ҳамда мато бўяш корхоналари мавжуд.
Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган “Selfie-tex” масъулияти чекланган жамиятимиз 2018 йилда ташкил қилинган. Корхонага ташаббускор тадбиркор Улуғбек Турғунов раҳбарлик қилиб келмоқда. У тиниб-тинчимас, изланувчан, янгиликларга интилувчан, замон билан ҳамнафас иқтисодчи.
Хўжаободда малакали ишчиларнинг кўплиги ютуғимиз. Хотин-қизларнинг барчаси тикиш-бичишни билади. Бу борада танлаш ва ишга қабул қилиш осон.
Маҳсулотларимиз асосан Россия давлатига экспорт қилинади. Москва шаҳридаги “Турон текс” сотув офиси билан шартномамиз бор. Ҳамкорларимиз Қиёмиддин Наботов, Алимардон Раҳимовлар билан келишув асосида хориждаги сотув офисларига маҳсулотларимиз етказилади.
Доимий иш ўринлари яратилган, иш ҳажми юқори. Корхонамиз ойига 160 минг дона тайёр кийим-кечак тайёрлаш қувватига эга. Болалар ва катта ёшдаги эркак ҳамда аёллар кийимлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Сайёрахон Думаева, Қизлархон Тешабоева, Миножатхон Мирзаевалар устоз сифатида касб сирларини ёшларга ўргатиб келмоқда. Жорий йилда 2,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш кўзда тутилган.
Туманда 5 та молиявий муассаса фаолият кўрсатмоқда. Биз улар орасида “Hamkorbank”ни танладик. Хўжаобод универсал банк хизматлари офиси иқтисодий салоҳиятга эга. Банк ходимлари мижозларни ҳурмат қилишади, ҳар бир ишни вақтида, тез битказиб беришади. Тўрт бора катта миқдордаги кредит олиб вақтида сўндирганимиз боис бешинчи бор олинган кредит маблағлари эвазига “Selfie-tex” МЧЖнинг иқтисодий салоҳиятини оширишга эришдик.
Аҳолини, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш бош мақсадимиз. Қишлоқда яшовчи чеварлар замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда. Олис бир ҳудудда марказдагидан асло қолишмайдиган корхона қурилгани, 150 нафар хотин-қиз томонидан замонавий андозалар асосидаги кийимлар тикилаётгани, маҳсулотларимиз экспортга чиқарилаётганидан мамнунмиз.
Бобуржон ҚОБУЛОВ,
Хўжаобод туманидаги “Selfie-tex” МЧЖ бош ҳисобчиси.

