ДОИМИЙ МИЖОЗЛАРГА ИМТИЁЗЛИ ХИЗМАТ
Ўрта Чирчиқ тумани, Қорасув маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “SBS” автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш оилавий корхонаси доим мижозлар билан гавжум. Бу жойга бир бор келган ҳайдовчи борки, ўз уловининг созлигини таъминлаш учун қайта келади. Сабаби оддий — хизмат сифатининг юқорилиги, мижозларга бўлган эътибор ва замонавийлик.

— Бугун ҳар бир соҳада ривожланиш. Айниқса, автомобилсозлик саноати янгиликларга бой, — дейди мазкур МЧЖ раҳбари Шуҳрат Бозоров. — Изланишдан тўхтаган инсон ютқазиши аниқ. Шу сабаб ишловчилар билан бунга алоҳида эътибор қаратамиз. Аввало, автомобилсозликдаги янгиликларни ўрганиб борамиз. Янги русумдаги машиналарга қизиқиш билан қараймиз. Чунки автомобилни таъмирлаш учун уни билиш керак. Акс ҳолда ўз ишингизни кўнгилдагидек бажара олмайсиз.
Автосервисда ишлаш учун барча қулайликлар яратилган. 7 нафар уста вазифалар тақсимоти бўлсада иш танламайди. Машинасидан шикоят билан келган ҳайдовчи илиқ муомала билан кутиб олинади. Биринчи бор мурожаат қилаётганларга алоҳида эътибор қаратилади. Доимий мижозларга эса тўловда имтиёз бор.
Диёрбек Салимов, Шоқосим Исмоилов ва Муҳаммадали Усмоновлар замонавий аппаратлар ёрдамида барча турдаги таъмирлаш ишларини амалга оширади. Компьютерлашган тизим уларнинг оғирини енгил қилиш баробарида хатоликлардан сақлайди. Айниқса, енгил автомобилларни бир текисда юриши учун бор тажрибаларини қўллайдилар.
Албатта, ҳар қандай лойиҳанинг бошланиши молиявий масалага бориб қадалади. Бу борада улар учун муаммо йўқ. Корхонани ташкил этишда ташаббускор тадбиркор ўз маблағига таянди. Етмаган жойига “Hamkorbank”нинг Нурафшон УБХО кўмакчи бўлди. Натижада 2022 йилда ташкил топган устахона жуда тез ўз мижозларини топди. Ҳайдовчилар уларнинг хизматидан мамнун.
А. НАСИРДИНОВ.
Б. БАҲРОМОВ олган суратлар.