СПОРТГА ОШНОЛАР ҒОЛИБ
“Hamkorbank” АТБда ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва кўнгилли дам олишларини ташкил этиш доимий эътиборда. Бу борада уларни спорт билан соғлом ҳаётга бошлашга қаратилган тадбирлар анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани фикримиз тасдиғидир.
Янги йил байрами арафасида тизимда ишловчи спортга ошно ходимлар ўзаро куч синашиш учун бир даврага йиғилдилар. Ходимлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида “Спорт-саломатлик гарови” шиори остида “Hamkorbank” кубоги” учун ўтказилган мини спартакиада мусобақаларининг финал босқичи катта тантанага айланди.

— Бу йил мусобақанинг дастлабки босқичларида иштирокчилар кутилганидан кўп бўлди, — дейди Бирлашган касаба уюшмалари қўмитаси раиси Шукрулло Неъматов. — Ҳамкасбларимиз орасида спорт билан шуғулланувчилар сафи кенгайиб бормоқда. Тасдиқланган низомга асосан финалда 7 тур бўйича (шахмат, шашка, армрестлинг, стол тенниси (якка), стол тенниси (жуфтлик), турникда тортилиш ва тош кўтаришда (16 кг.) иштирокчилар беллашдилар. Ҳар бир тур қизғин ва тортишувларга бой бўлди. Ишда ташаббус кўрсатиш баробарида спортда ҳам тобланган минтақавий босқич ғолибларининг ҳаракатлари ҳакамлар эътиборини тортди. Эркаклар билан бир қаторда аёлларнинг ҳам спорт билан фаол шуғулланаётгани қувонарли.

Ғолибларни белгилаш анчайин қийин кечди. Шундай бўлсада иштирокчилар орасидан энг кучлилар аниқланди. Шахмат бўйича эркаклар ўртасида Яккасарой УБХО ходими Чингиз Улашевнинг қўли баланд келган бўлса, аёл шахматчилар ичида Чилонзор УБХО ходими Насиба Фатуллаевага тенг келадигани топилмади. Шашкада Оғабек Қадамов (Урганч УБХО) ва Дилором Назаровалар (Урганч УБХО) ғолибликка эришдилар.

Армрестлинг чинакам кучлилар кураши. Спортнинг бу тури бўйича беллашувлар қизиқарли кечди. Эркаклар орасида Журъатбек Абдулатипов (Қўрғонтепа УБХО) ва аёллар ичида Севара Қобулова (Бош банк) энг кучли деб топилди.
Стол тенниси банк ходимлари орасида оммалашган спорт турларидан. Чунки деярли барча муассасаларда теннис майдончалари мавжуд. Шу сабаб теннисчилар кураши ҳам қизғин кечди. Якунда Абдураҳмон Алиев (Бухоро МБХО, яккалик), Элдор Ашуров (Бухоро МБХО, жуфтлик), Шахриёр Ҳусенов (Бухоро МБХО, жуфтлик), Шаҳноза Ғофурова (Марғилон УБХО, яккалик), Умида Бобаназарова (Урганч УБХО, жуфтлик) ва Дилноза Файзуллаева (Урганч УБХО, жуфтлик)лар ғолиб деб топилди.
Турникда тортилишда Аъзамжон Темиров (Марғилон УБХО) энг юқори натижа қайд этган бўлса, тош кўтаришда Достонбек Рустамов (Бош банк) ғолиблар қаторидан ўрин олди.
Байрамона ўтган мусобақалар иштирокчиларни ўз ўрнида соғлом ҳаётга ва янада аҳилликка бошлади. Банк Бошқаруви ҳамда Бирлашган касаба уюшмалари қўмитасининг совғалари эса эгаларини топди.
Бекзодбек Абдураҳмонов

