ЯНГИ ОФИСДА ИЛК МИЖОЗ

“Hamkorbank” тизимидаги банк хизматлари офислари сони яна биттага кўпайди.

Мижозларга сифатли хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида, Оҳангарон шаҳар марказида водий билан пойтахтни боғловчи катта йўл бўйида Олмалиқ универсал банк хизматлари офиси тасарруфида Оҳангарон банк хизматлари офиси очилди. Бу бир вақтнинг ўзида мижоз ва банк учун қатор афзалликларга эгалиги билан аҳамиятли.


— Ўғлим “Hamkorbank” АТБ Олмалиқ УБХО томонидан берил­ган кредит эвазига автомашина сотиб олган. Ҳар гал кредит тўловини Олмалиққа бориб амалга оширар эдим. Янги банк хизматлари офисининг очил­ганидан хурсандман. Узоғим яқин бўлди. Шу ҳудудда яшаганлигимиз боис вақтдан ҳам ютдим. Биз каби мижозларга қулайликлар яратгани учун Бош банк маъмуриятига ўз миннатдорлигимни билдираман, — деди Оҳангарон БХОнинг илк мижози Бобур Байдуллаев.
Дарҳақиқат, ўз ҳудудига яқин бўлган мижоз банкнинг исталган бўлимидан очилган ҳисобрақамларини эркин тасарруф қилиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, бир бўлимдан исталган бошқа бўлимига ўтганида унинг ҳисобрақамлари ўзгармайди, фақат мижоз ўтган ҳудуд ходимларига у билан ишлаш ваколати берилади. Ва яна қулайлиги оҳангаронликлар узоқроқ масофадаги молия муассасасидан бошлаган жараённи (масалан, кредит олишда) ушбу банк офисига кўчириши ҳамда ҳамкорликни давом эттириши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, янги БХОнинг очилиши мижозлар учун қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш тезлиги ва сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Нилуфар Йўлдошева