ТАШАББУС ЎЗИДАН ЧИҚДИ
Самарқанд шаҳрига кираверишида жойлашган «Шердор» банк хизматлари офиси “Hamkorbank” АТБнинг тўнғич БХОларидан ҳисобланади. У 2010 йилда ташкил қилинган. Дастлаб Д.Дусанов, А.Бутаев, В.Эргашев, Ф.Бахронов, И.Ширинов каби тажрибали ходимлар раҳбарлик қилган ва унинг шаклланиши ҳамда ривожланиши йўлида астойдил меҳнат қилишган. Айни вақтда бу кичик жамоага Бобур Усмонов бошчилик қилмоқда.
— Бобур ташкилотчи бўлибгина қолмай, жуда интилувчан, изланувчан, иқтидорли ёшлар сирасига киради. Унинг ўзи “Шердор” банк хизматлари офисига ўтиш истагини билдирди. “Мен бизнесга қизиқаман, банкни молиявий ривожланишига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”, деган ташаббус билан чиқди. Зеро, банкда жорий қилинган тартиблардан бири ходимларнинг таклифларини ўрганиш, изланиш ва интилишларини қўллаб-қувватлашдир. Унга ишониб адашмаган эканмиз. “Шердор”ни ривожлантиришга интилмоқда. Хизмат кўрсатиш сифати, мижоз жалб қилишга алоҳида эътибор қаратди ва бизнес-режаларнинг бажарилишини таъминлади, — дейди Самарқанд минтақавий БХО бошлиғи Умид Низомов.
«Шердор» — сардор, йўлбошчи, кучлиларнинг кучлиги, довюракларнинг довюраги каби мазмунни англатади. Бобур Усмонов жамоага етакчилик қилиш асносида юқоридаги фазилатларни ўзида кўрган бўлса ажаб эмас. Шунингдек, раҳбар фикрини қўллаб-қувватловчи, у билан елкама-елка ишлайдиган ҳамкасблари бўлсагина муваффақиятларга эришиш мумкин. Бу борада ҳам Бобур омадли. Ҳамфикр ҳамкасбларига ишонди. Улардан бири Дилноза Тоғаева. Дилноза БХО фаолияти йўлга қўйилгандан буён ишлаб келади. Анчагина талабчан ходим. Ўзининг бор иқтидори ва маҳоратини бажарадиган вазифасига қаратади. Билганлари ва тажрибасини ёшларга ўргатишга ҳамиша шай.
«Шердор»нинг мижоз қабул қилиш ҳудуди катта. Булунғур, Жомбой, Оқдарё, Иштихон, Қўшработ, Пайариқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳар ҳудуди аҳолисига хизмат кўрсатади. Масъулияти ҳам шунга яраша. 30 га яқин йирик мижозлари бор. Эътиборга лойиқ томони, “Hamkorbank”да жорий қилинган барча хизматлар режаси бажариляпти. Биргина халқаро пул ўтказмаларини тарқатишда биринчи ўринда. Бу кўрсаткични бир неча йилдирки, қўлдан бой бермай келаётган жамоа 2023 йилда “Энг кўп пул ўтказмалари хизматини бажарган БХО” сифатида эътироф этилди.
— Бизда рақобат кучли. Атрофимизда ўндан ортиқ йирик молия ташкилотларининг филиаллари борлиги доим изланишга бошлайди. Ўз мижозларимизни ва банк мавқеини сақлаб келяпмиз. Бироқ, замон талаби ҳар қачонгиданда кўпроқ изланишимиз зарурлигини, иқтисодий билимларимизни фаолиятимизга татбиқ этиш лозимлигини талаб қилмоқда. Бу борада янги ва йирик мижозларни жалб қилиш учун ҳамкасбларим касбий маҳоратларини ошириб боришяпди, — дейди БХО раҳбари.
Дарҳақиқат, “Шердор” БХОнинг тарихий шаҳарнинг марказида жойлашуви бежиз эмас. Меҳмонлар учун бағрини очган молия ташкилоти жамоаси намунали, сифатли хизмат кўрсатиш асносида мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланиши ҳамда молиявий юксалишига ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

