ҒОЛИБЛАР АНИҚЛАНДИ
“Hamkorbank” АТБда ходимлар меҳнати қадрланади. Ютуқларга эришган, хизмат вазифасини бажаришда намуна кўрсатган, белгиланган режаларни ортиғи билан бажарганлар рағбатлантириб борилади. Анъанага кўра, чакана бизнес департаменти ўз йўналишида 1-чорак якуни билан ғолибларни аниқлади. “Энг кўп кредит ажратган ходим” сифатида Акмалжон Ғофуров, “БХОлар орасида энг кўп кредит ажратган ходим” дея Суҳроб Худойбердиев эътироф этилди. Онлайн омонат ва Сбербанк актив мижоз номинациялари бўйича Шаҳноза Абдуллаева ҳамда Дониёрбек Носиржоновлар ғолибликни қўлга киритдилар.

Акмалжон Ғофуров,
Термиз минтақавий БХО 2-тоифали менежери (истеъмол кредити):
— Мазкур жамоага қўшилганимга 5 йил бўлсада, қувончларим кечагидай ёдимда. Термиз давлат университетини тугатиш арафасида “Hamkorbank” танловида қатнашдим ва синовлардан муваффақиятли ўтдим. Иш ўрганиш давримда корпоратив бўлими ходими Камол Ҳайдаров жамоа ва банк фаолияти билан таништирди. Банк мижоз учун қанчалик муҳимлигини тушунтирди. Соҳа сирларини ўрганишимда устозлик қилди.
Термиз минтақавий БХОда маълум вақт ишлаганимдан сўнг Жарқўрғон БХОга истеъмол кредити менежери бўлиб ўтдим. Мустақил равишда кредитлар ажратиш функциясини бажардим ва малакамни оширдим. 2022 йилда яна Термизга қайтдим. Ўтган йиллар мобайнида ҳамкасбларимдан атрофдагилар билан қандай муомала қилишни, ҳар бир ишга талабчанлик ва масъулият билан ёндошишни ўргандим. 2023 йилнинг 1-чорагида “Энг кўп кредит ажратган ходим” сифатида 3-ўринга муносиб топилган эдим. Бу йил 1-ўринга лойиқ топилдим. Меҳнатларим қадрлангани менга катта куч берди, вазифамга нисбатан янада масъулиятли бўлиш талабини юклади.

Шаҳноза Абдуллаева,
Фарғона МБХО кичик менежери:
— Бир инсоннинг иккинчи инсонга бўлган ишончи ва садоқатининг белгиси, баҳосидир омонат. Омонат ҳалол, виждонли инсонларга берилади одатда. Банклар эса ўша инсонлар хизмат қиладиган, қонуний ҳужжатларга асосланган молия ташкилотидир. Бу борада ишонч ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Йиллар давомида синовлардан ўтгач, туғилади. Айнан “Hamkorbank”ка халқимизнинг ишончи кун сайин ортиб бормоқда. Буни янги-янги ном билан очилаётган маҳсулотлар ва Онлайн омонат турларидан ҳам сезиш мумкин.
Пулнинг одамлар турмушидаги аҳамияти қанчалик юксаклигини кузатдим. Инсонлар меҳнатларининг баҳоси қай даражада эканига гувоҳ бўлдим. Омонат улар учун қанчалик муҳимлигини, пул оддий бир ҳужжатдек кўринсада, ҳамиша турмуш фаровонлиги ҳамда ризқ-насиба эканлигини, меҳнатсиз бунга эришиб бўлмаслигини тушуниб етдим. Ва омонат мижозларига нисбатан икки ҳисса масъулиятим ортди.
Мен банкнинг бир ходимиман холос. Бироқ ўз ўрнида молия ташкилотининг юзи ҳамдирман. Шундай экан омонатчилар ишончини ҳамиша оқлашни бурчим деб биламан.
Нилуфар Тўрақулова

