СУFУРТА ОFИР ДАМДА КЎМАК

“Мен суғурта тўловлари туфайли хонавайрон бўлган оилаларни билмайман, лекин тўловлар қилинмаганлиги сабабли хонавайрон бўлган оилаларни биламан.”
Уинстон Черчилл

Бугунги иқтисодий ривожланиш даврида ҳаётимиздан тортиб мол-мулкимизгача суғурталаш асносида турли хавф-хатарларнинг олдини олиш, моддий ва маънавий зарарларни қоплаш мумкин. Зеро мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш бозор иқтисодиёти тамойиллари асосида амалга ошириляпти ва бундай шароитда давлат ўз фуқароларининг ижтимоий ҳимоясини амалга оширишда иқтисодиётнинг турли субъектлари хизматидан кенг фойдаланмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, суғурта компаниялари томонидан аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган асосий хизматлар-транспорт воситаларини, тиббий ва юкларни суғурталаш, ипотека ҳамда мол-мулкни, ҳатто ҳаётимизни суғурталаш ва бошқалар.
Хўш, суғурта нима учун керак?
Суғурта — мол-мулк соғлиқ ёки ҳаёт, бизнес ва қийматга эга бўлган бошқа йўналишдаги хатарларнинг молиявий ҳимоясидир. Албатта, мажбурий ёки ихтиёрий. Масалан, автомобилни суғурталаш – бу транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш демакдир. Яна бировнинг автомобилига зарар етказилганда жавобгарлик ҳисси ошади. Жабр кўрган бегуноҳ шахсларга етказилган зарарни қоплаш тартиби бўйича ғамхўрлик қилиш орқали ҳамда қўшимча равишда автомобилнинг қуввати ва фойдаланиш ҳудудига қараб белгиланган суғурта тўловининг қатъий миқдорига эга. Шунингдек, автомобилларни ихтиёрий суғурталаш орқали йўллар, автомобиль тураргоҳи ёки бошқа жойларда турли йўл ҳодисалари туфайли етказилган зарарни қоплаш таъминланади. Автомобиль эгаларининг мулкий ҳуқуқларини ҳимоялаш, қўриқлаш орқали ҳам шахсий манфаати ҳимояланади. Аммо суғурталанган автомобиль қийматидан ошиб кетмайди.
Яна бир жиҳат жамғариб бориладиган ҳаёт суғуртаси хизматларидир. Мазкур йўналишдаги суғурта хизматларини ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш ушбу соҳани илмий жиҳатдан тадқиқ қилишни тақозо этади. Бу мазкур мавзунинг долзарблигини белгилайди.
“Hamkor sugurta” акциядорлик жамияти Ўзбекистон суғурта бозорининг профессионал иштирокчиси сифатида фаолият юритаётган ташкилотлар сирасига киради. Унинг фаолияти 12 йилдан ошди. Компаниянинг устав капитали 35 миллиард сўмни, активлари эса 105 миллиард сўмни ташкил этади. Молиявий барқарорлиги миллий суғурта бозоридаги юқори рейтинглар билан тасдиқланган.
Банк тизимидаги жисмоний шахснинг кредитга лаёқатлилигини баҳолаш борасида суғурталаш талаблари кўпчиликни қизиқ­тириши табиий. Бу борада қуйидаги талабларни билиш ўринли. Жисмоний шахс­ларнинг охирги 6 ой давомидаги даромади инобатга олинади ва бу борада маълумотнома текширилади. Одатда, иш ҳақи ва унинг ишланмалари (даромад солиғи, пенсия жамғармаси ҳиссаси ва бошқалар) алоҳида эътиборга олинади. Агар кредит кафиллар билан таъминланган бўлса, кафилнинг даромади тўғрисидаги маълумотнома ҳам тақдим этилади. Шу билан бирга, ҳар бир молия муассасаси у хоҳ тижорат, хоҳ давлат тасарруфидаги банк бўлсин, жисмоний шахс­ларнинг кредитга лаёқатлилигини скоринг баҳолаш натижалари асосида баҳолайди. Демак, ҳар бир соҳада юқорида айтилганидек, суғурталаш муҳим. Унинг фойдаси ҳам шунга яраша.
Компаниямизнинг айни пайтда барқарор ривожланишга таъсири юқори. Профессионаллик, тезкорлик, мижозга индивидуал ёндашиш, ходимларнинг малакаси, ташаббуси ва масъулияти аҳамиятли. Бугунги кунда фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири — халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган инновацион суғурта дастурлари ва хизматларини яратишдан иборат. Бу орқали маҳаллий, хорижий ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, яъни ўз фаолиятимизни кенгайтиришга эришамиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, жорий йилнинг 1 чораги давомида “Hamkor sugurta” АЖ томонидан 60 дан ортиқ суғурта ҳодисаси бўйича даъво аризалари кўриб чиқилди. Мазкур даъво аризалари доирасида жами 1,6 миллиард сўм суғурта товони тўланди. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш — 187,3 млн.сўмни ва қолган ихтиёрий суғурта турлари бў­йича – 1,435 млрд. сўмни ташкил этади. Суғурта тарифлари қонун ҳужжатларида белгиланган талаб­ларга жавоб бериши керак. Турли компаниялар харажатларини ҳисоблаб ва натижаларини солиштириб кўринг. Эътибор беринг: шартномада назарда тутилган рисклар қанча кўп бўлса, суғурта нархи шунча юқори бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон яшар экан, у доимо яхшиликка, эзгуликка интилади. Эҳтиётсизлик ёки кутилмаган ҳодисалар рўй берганда маънан оғир аҳволга тушиб қолади, гоҳида моддий қийинчиликларга дуч келади. Бундай ҳолатларда суғурталаш энг мақбули ҳисобланади. Тўғри, суғурталаш юзага келган ҳолатни бартараф этмайди, бироқ “кўмак” беради.

Ҳакимжон НИШОНОВ,
“Hamkor sugurta” АЖ маркетинг ва рекламани ривожлантириш бўлими бошлиғи