ЙИЛИГА БИР МИЛЛИОН ЖУФТ ПОЙАБЗАЛ
Шаҳрихон туманидаги пойабзаллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Isfan invest dizayn” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулотлари сифатлилиги билан мижозларга маъқул бўлмоқда.
2019 йилда ташкил этилган мазкур корхона илк фаолиятини Хитой ҳамда Туркия давлатларидан келтирилган замонавий ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозлашдан бошлади. Айни пайтда бу ерда 90 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 55 фоизини аёллар ташкил қилади. Корхонада асосан махсус ишчи пойабзаллари, эркаклар, аёллар ва болалар оёқ кийимлари ишлаб чиқарилади. Нафақат маҳаллий бозорда, балки, қўшни давлатларда ҳам харидоргир бўлиб бораётган маҳсулотларнинг 1000 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, уларнинг 50 фоизи экспортга йўналтирилади. Экспорт бозори Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари ҳисобланади.
— Мамлакатимизда чарм-пойабзал саноати жадал ривожланаётгани боис, ички бозорда рақобат кучли. Рақобатни фақат сифати юқори, харидорлар дидига мос дизайндаги оёқ кийимлар ишлаб чиқариш орқали енгиш мумкин. Бугун замон талабидан келиб чиқиб ана шу тамойил асосида иш олиб бормоқдамиз. Маҳсулотлар тўла ўзимизда ишлаб чиқариш орқали нархлар 10-15 фоизгача камайди, — дейди корхона раҳбари Шавкатбек Орипов.

Бу борада анчагина тажрибага эга ва ишбилармонлиги билан корхонани ривожлантираётган тадбиркор ишловчилар учун барча шароитларни яратиб берган. Намунали иш тартиби самараси ўлароқ корхона бугун ўзининг “LIDER” бренди остида тўрт мавсумга мослаб йилига бир миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқариш қувватига эга.
Жамият ташкил топгандан буён “Hamkorbank” АТБнинг Шаҳрихон универсал банк хизматлари офиси билан ҳамкорлигини таъкидлаган тадбиркор, банк ходимларининг масъулиятлилиги, хушмуомалалигидан мамнунлигини айтди. Бу борадаги танловда адашмаганлиги, мижозларга муносабатдаги адолатлилик, бир хил муносабатини қадрлашини ифода этди.
«Дўст бошга, душман оёққа қарайди», деган халқ нақли “Isfan invest dizayn” корхонаси ишчиларининг доимий шиорига айланган. Шунинг учун ҳам уларнинг ишлаб чиқараётган пойабзаллари жаҳон бозорида мустаҳкам ўрин олишига хизмат қилади. Сифат борасида янгиликларга интилувчан жамоанинг сидқидилдан қилаётган меҳнатлари мижозлар ишончининг ортишига сабаб бўлмоқда.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.